Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш тизимида йил сўнггига қадар "Электрон поликлиника", "Электрон ахборот” тизимлари тўлиқ ишга тушади.
Бу эса, шифохона ва поликлиникаларда турнақатор бўлиб навбат кутишларга, ортиқча қоғозбозликка чек қўяди.Ва шу билан бирга барча ишларни тизимли олиб боришга, тезкор аниқликда ишлашга, энг асосийси, шифокорларнинг беморлар учун кўпроқ вақт ажратиши учун шароит яратади.
Аҳамиятлиси, ҳозиргидан фарқли ўлароқ, беморга таҳлиллар ёзилган қоғозлар эмас, шифокор томонидан керакли тиббий таҳлиллар белгиланиб, "Электрон поликлиника" дастури орқали лабораторияга юборилади. Бу эса бемор ва шифокорнинг вақтини тежабгина қолмай, тиббий маълумотни хавфсиз сақлаш, шу билан бирга фуқароларга онлайн рўйхат асосида шифокор қабулига ёзилиш, шифокорга эса бемор саломатлигини масофавий мониторинг қилиш, электрон рецепт ёзиб бериш ва бошқа хизматларни кўрсатиш имконини берса, "Электрон ахборот" тизими орқали инсон ҳаёти билан боғлиқ бўлган алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган маълумотлар базаси шаклланади.
– Энг асосийси, Сирдарёда бу борадаги ишлар бошланган. Айни вақтда давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида қайд этилганидек, рақамли технологияларни бирламчи бўғинга татбиқ этиш мақсадида "Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратори UZINFOCOM” МЧЖ томонидан локал тармоқ тортиш ишлари амалга ошириляпти. Ушбу ишлар тўлиғича ниҳоясига етгач, айни вақтда фойдаланишда бўлган қатор тизимлар ўрнини ягона, DMED тизими эгаллайди. Бу тизимни тўлиғича ишга тушириш учун яна 2013 дона компьютер керак. Агар зарур компьютерлар ўз вақтида келтирилса, ушбу ишлар йил сўнггига қадар тугатилиб, тўлиғича ишга тушади. Бу эса, юқорида таъкидланганидек, ҳам беморга, ҳам даволовчи шифокорга қатор қулайликларини тақдим этади, –дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Нурмуҳаммад Турдибоев.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири