Сирдарёда ҳаво сифати ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари изчил давом этмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, мунтазам мониторинг ва профилактика чоралари нафақат корхоналар атрофида чангланишни камайтиради, балки инсон саломатлигини ҳимоя қилиш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда, Сирдарё вилояти Экология бошқармаси ходимлари тегишли соҳа мутахассислари ҳамроҳлигида Боёвут тумани “Бекат” маҳалласида жойлашган “Голден Осиё Центер Co” МЧЖ Х/К фаолиятини таҳлил қилиб, “Эколаб” аппарати орқали мониторинг олиб боришди. Натижаларга кўра, тегирмон цехида ун чанги меъёридан 2,7 баравар, буғдой қабул қилиш масканида эса буғдой чанги меъёридан 5,1 баравар юқори эканлиги аниқланди.


Илмий тадқиқотлар ҳаводаги чангнинг юқори миқдори, айниқса PM2.5 ва PM10 турлари нафас йўллари ва юрак-қон томир тизими учун хавфли эканини кўрсатади. Чанг зарралари организмга кириб нафас олишни қийинлаштириши, аллергия, бронхит, астма ва ҳатто юрак ишламаслиги каби салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Муҳими, аниқланган камчиликлар ва муаммолар сабаб, мазкур корхоналар масъулларига ҳаво сифати ва микроиқлимни яхшилаш, майдонни мунтазам намлаш, автотранспорт воситаларини кириш ва чиқишда ювиш ҳамда дарахтларни суғориш каби чоралар юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири