Сирдарёда аҳоли тиббий текширувдан ўтказилди
Аҳоли орасида носоғлом турмуш тарзи, зарарли одатлар туфайли юрак, қон-томир тизими билан боғлиқ касалликлар кўрсаткичи ортган.
Касалликнинг олдини олиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш учун соҳа ходимлари тушунтириш-тарғибот тадбирларини олиб бормоқда.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалига мобиль шифокорлар гуруҳи ташриф буюрди.
Улар сирдарёлик кардиологлар билан биргаликда вилоятнинг Мирзаобод ва Ховос туманларида бўлиб, юрак қон-томир тизимида муаммоси бор аҳоли вакиллари билан учрашди. Улар учун соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланган Оилавий поликлиникаларда скрининг текширувлари ташкил этилиб, аҳоли чуқурлаштирилган текширувдан ўтказилди.

Марказ мутахассислари томонидан бирламчи бўғин шифокорлари учун юрак қон-томир касалликларини эрта аниқлаш, даволаш ва диагностика қилиш, беморларни касаллик даражасига қараб манзилли даволаш, беморларни электрон йўлланма орқали филиал ва марказга йўналтириш, тиббий суғурта жамғармаси орқали молиялаштириш масалалари бўйича давра суҳбатлари ташкил этилди.
Сирдарёлик кардиологлар учун "Сирдарё вилоятида юрак ишемик касалликларини ташхислаш ва даволашда юқори технологик усулларни жорий этиш" мавзусида маҳорат дарси ҳам ташкил этилди.
Маҳорат дарси жараёнида 10 нафар амбулатор бемор тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларни даволаш бўйича соҳа ходимларига тавсия ҳам берилди. 4 нафар беморда диагностик коронарография амалиёти, 2 нафар, ўткир миокард инфарктини ўтказган беморларда тож томирларини стентлаш амалиёти ўтказилди. Амалиётлар асоратсиз, клиник ва яхши ангиографик натижа билан бажарилди.
Сўнг, марказ филиалида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, соғлом турмуш тарзи, унинг салбий омиллари, юрак қон-томир тизими билан боғлиқ касалликларни камайтиришдаги ўрни, юрак, қон-томир касалликлари билан оғриган беморларни ташхислаш ва даволаш, касалликларни бирламчи ва иккиламчи профилактикасига доир масалалар муҳокама этилди.
Ш.Суяров, ЎзА