Сирдарёда 2,5 млрд сўмлик ноқонуний юк фош этилди
“Сирдарё” чегара божхона постида катта миқдордаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ноқонуний равишда республика ҳудудига олиб киришга уриниш ҳолати фош этилди. Бу ҳақда Сирдарё вилоят божхона бошқармаси маълум қилди.
Жорий йилнинг 21-22 апрель кунлари мазкур пост орқали кириб келган, ҳужжатларга кўра олма, нок ва апельсин каби мевалар юкланган 7 та юк автотранспорт воситаси божхона ходимларида шубҳа уйғотган. Шу асосда транспорт воситалари белгиланган тартибда чуқур текширувдан ўтказилди.

Текширувлар давомида пойтахтдаги масъулияти чекланган жамиятлардан бири номига расмийлаштирилган юклар ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар билан ҳақиқий юк миқдори ўртасида фарқ аниқланди. Хусусан, тиркамаларда ҳужжатларда акс этмаган 84 тоннадан зиёд мандарин яширин тарзда олиб кирилаётгани фош этилди.
Маълум бўлишича, ноқонуний ҳаракатни яшириш мақсадида юклар махсус усулда жойлаштирилган: тиркаманинг олд қисмига ҳужжатларда кўрсатилган мевалар жойлаштирилган бўлса, ички қисмида эса қайд этилмаган маҳсулотлар яширилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу юкларнинг умумий қиймати 2,5 млрд сўмдан зиёдни ташкил этмоқда. Барча маҳсулотлар белгиланган тартибда вақтинча сақловга олинди.
Ҳозир ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири