Сирдарё жамоаси "Агентлик раҳбари кубоги”ни қўлга киритди
“Ренессанс” болалар соғломлаштириш оромгоҳида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги раҳбари кубоги спорт мусобақаси Сирдарё жамоаси учун юксак муваффақият билан якун топди. Энг асосийси, жамоа барча йўналишларда барқарор натижа кўрсатиб, умумжамоа ҳисобида 30 балл тўплади ва фахрли равишда “Агентлик раҳбари кубоги”ни қўлга киритди.
Иккинчи ўрин 24 балл билан Наманган вилояти, учинчи ўрин эса 21 балл билан Қорақалпоғистон Республикаси жамоаларига насиб этди.

Ушбу нуфузли мусобақа Агентлик тизимидаги Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда мактаб-интернатларнинг 8–10-синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилди. Беллашувлар давомида иштирокчилар волейбол, мини-футбол, стол тенниси ва шахмат каби спорт турлари бўйича ўз имконият ва маҳоратларини синовдан ўтказдилар. Кескин ва қизғин руҳда ўтган мусобақаларда ёшларнинг нафақат жисмоний тайёргарлиги, балки жамоада ишлаш кўникмалари, интизоми ва мақсад сари интилувчанлиги ҳам намоён бўлди.

Муҳими, мусобақа якунида ташкилотчилар Сирдарё жамоасининг ғалабасини изчил тайёргарлик, ўқувчиларнинг интизоми ва спортга бўлган юксак қизиқишининг амалий натижаси сифатида эътироф этдилар.

– Бу мусобақа нафақат биз, балки унда иштирок этган ўқувчиларимиз учун ҳам катта куч ва рағбат бўлди. Энг муҳими, у келгусида янада йирик мусобақаларда иштирок этиш, юртимиз байроғини баланд кўтариш, шунингдек, Сирдарёда камол топиб халқаро ва жаҳон ареналарида иштирок этишни мақсад қилган ёшларимиз учун муҳим босқич вазифасини ўтайди, – дейди Сирдарё вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Даврон Исоқов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири