Сирдарё хабарлари – қисқа сатрларда
Мулоқот
Сирдарё ёшлар технопарки Япониянинг нуфузли компанияси билан ҳамкорлик қилади. Токио шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон аутсорсинг конференцияси доирасида технопарк раҳбари Баҳодир Қўшиев Kyoto Research Park (KRP) тадқиқот парки ижрочи менежери Шигеката Мизуно билан учрашди. Мулоқот давомида томонлар ўз фаолиятига доир тақдимот ўтказди. Музокара якунида қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Аҳоли вакиллари билан суҳбат
Вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев Гулистон туманидаги Соҳилобод маҳалласида бўлиб, “Сайхунобод тажрибаси” асосида олиб борилаётган ишлар билан танишди, маҳалла “еттилиги” ва аҳоли вакиллари билан суҳбат қилди. Маҳаллада тажрибани оммалаштириш борасидаги ишларни янада жонлантириш зарурлигини таъкидлади. Аҳолининг яроқсиз симёғочларни янги бетон устунларга алмаштириш ва томорқаларни оқар сув билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма берди.

Бўлажак шифокорлар билан учрашув
Тошкент педиатрия тиббиёт институтида Боёвут туман ҳокими, сенатор Дилфуза Уралова, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ва битирувчи талабалар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Ўқув масканида бакалавр, магистратура, клиник ординатура йўналишида таҳсил олаётган сирдарёлик ва жиззахлик талабалар тиббиёт муассасаларида жорий этилган давлат тиббий суғурта тизими, Боёвут туман тиббиёт бирлашмасининг имкониятлари, у ерда ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат турлари билан яқиндан танишдилар.

Учрашувда олис ва чекка ҳудудларда фаолият юритиш учун борган мутахассисларга ҳар ойда қўшимча маош, уй-жой бериш, улар учун яратиладиган шарт-шароит, қўшимча имкониятлар тўғрисида сўз борди.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди
Давлат хавфсизлик хизмати, “Ўзэнергоинспекция” ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирида Гулистон шаҳрида жойлашган “Д.” оилавий корхонасига қарашли чойхонада резина шланг орқали ҳеч қандай ҳужжатларсиз тармоққа уланиб, табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келинаётгани маълум бўлди. Ушбу ҳолат бўйича 882 миллион 851 минг сўм миқдоридаги ҳисобга олинмаган табиий газ қайта ҳисоб-китоб қилинган. Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири