Сирдарё хабарлари – қисқа сатрларда
Сирдарё вилояти маъмурий судининг судьяси С.Рустамов раҳбарлигида Янгиер шаҳрида фаолият юритаётган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг юридик хизмати бўлимларининг юрист ва юрисконсультантлари билан маъмурий идоралар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва мансабдор шахсларнинг қарорлари, ҳаракат (ва ёки ҳаракатсизлиги) юзасидан кўрилаётган маъмурий ишлар бўйича амалиётда юзага келадиган муаммолар мавзусида ўқув-семинар машғулоти бўлиб ўтди.
Тадбирда ўтган 2020 йил давомида шаҳардаги маъмурий органлар, яъни давлат корхона, муассаса ва ташкилотларнинг баъзи қарорлари қонун доирасида эмас, деб топилганлиги ҳамда улар мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилганлиги тўғрисида статистик кўрсаткичлар аниқ мисоллар билан баён этилди.
Шунингдек, баъзи суд қарорларининг ҳақиқий эмас, деб топилишига асосий сабаб корхона, муассаса ва ташкилотлар томонидан қабул қилинган қарорларнинг кўплари амалдаги қонунларга ва Ер кодексининг 24, 36 ва 38-моддаларига риоя қилинмаганлиги таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, Янгиер шаҳрида фаолият юритаётган корхона, муассаса ва ташкилотлар томонидан қабул қилинаётган қарорлар «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонунига, Ер кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларга риоя қилинган ҳолда чиқариш лозимлиги борасида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида маслаҳат ва тавсиялар берилди.
***
Сардоба туманидаги Отаюрт маҳалла фуқаролар йиғинидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида шуғулланаётган бир гуруҳ ёшлар спортнинг аралаш жанг тури бўйича Самарқанд вилояти очиқ чемпионатида ва Сайхунобод туманида бўлиб ўтган Сирдарё вилояти чемпионати мусобақаларидан зафар қучиб қайтди.
Ушбу мусобақаларда туман шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчиларни тақдирлаш мақсадида туман ҳокими Абдуазим Хидиров Отаюрт МФЙда бўлиб, фахрли ўринларни эгаллаб қайтган 18 нафар спортчи ва уларнинг 2 нафар мураббийига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширди.
***
Мирзаобод тумани Халқ қабулхонаси биносида Сирдарё вилояти судининг раиси Аъзамжон Худойбердиев ва вилоят, туман судьялари иштирокида ўтказилган сайёр қабул жараёнида жиноят, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий судларида тадбиркорлик субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши ҳолатларининг олдини олиш юзасидан фикрлашилди.
Сайёр қабулда 11 нафар мурожаат қилган фуқаронинг 5 нафари жиноий, 4 нафари фуқаролик, 1 нафари маъмурий ва 1 нафари иқтисодий ишлар бўйича суд масалаларига оид мурожаатлар билан чиқди.
Ушбу мурожаатларнинг 5 таси жойида қаноатлантирилган бўлса, 6 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат, маълумот ва тушунтириш берилди.
***
Сирдарё туманида «Аёллар дафтари»га киритилган 26 нафар хотин-қизга туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, адлия бўлими ва ички ишлар бўлими масъуллари томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад – жамиятда, турмушда, иш жойида, таълим муассасаси ва бошқа жойларда хотин-қизларга нисбатан муносабатни янада яхшилаш, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни янада мустаҳкамлаш борасидаги аёлларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари борасида ва уларнинг ўзлари нималарга эътибор қаратиши лозимлиги ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари юзасидан маслаҳат ва тавсиялар берилди.
***
Жорий йилнинг 12-15 март кунлари Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида спортнинг белбоғли ва эркин кураш турлари бўйича 2005-2006 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида республика кубоги бўлиб ўтди.
Ушбу мусобақада иштирок этган Боёвут туманининг ёш курашчилари 9 та медални қўлга киритди. Шундан 3 таси олтин медаль бўлса, 3 таси кумуш ва қолган 3 таси бронза медалларидир.
35 кг вазн тоифасида Авазбек Отақулов, 38 кг вазнлилар баҳсида Ҳожиакбар Абдусатторов ҳамда вазни 65 кг бўлган полвонлар беллашувида Суҳроб Саидбеков мутлақ ғолиб бўлиб, олтин медаль соҳибига айланди.
Курашчиларнинг эришган ютуқлари муносиб рағбатлантирилади.

А.Қаюмов,
Ф.Тошматов (сурат), ЎзА