Сирдарё вилояти янгиликлари – қисқа сатрларда
Сирдарё тумани марказида карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда "Прокурор ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда ёшлар томонидан тадбиркорлик, спорт, бандлик ҳамда мактаб битирувчиларини олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тайёрлов курсларини ташкил қилиш масалаларида мурожаатлар билдирилди.
Ушбу мурожаатлар юзасидан тегишли мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди ва ижроси қатъий назоратга олиниши алоҳида таъкидланди.
Учрашув давомида ёшлар томонидан ўқувчилар фан олимпиядаларида айрим ҳолларда ноҳақликларга йўл қўйилаётгани баён қилинди. Прокурор бу масалани тегишли тартибда ўрганиб чиқиб, уни адолатли ҳал қилишга ваъда берди.
Ховослик долларфуруш яна қўлга тушди

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш (ИЖҚК) Департаменти, давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) вилоят бошқармалари ва вилоят ички ишлар бошқармаси (ИИБ) Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряд (ТВБСО) ходимлари билан ҳамкорликда Ховос тумани ҳудудидан ўтувчи А-376 халқаро автомагистрал йўлининг М-34 автойўлига туташган қисми, Ховос тумани Жомъе масжиди яқинидаги чорраха олдида ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Илимдор Калонов (исми-шарифи ўзгартирилган) “махсус харидор”га 3 минг 500 АҚШ долларини 36 миллион 470 минг сўмга сотган вақтида воқеа жойида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бу ҳақда Департаментнинг вилоят бошқармаси матбуот бўлими хабар берди.
Муқаддам ҳам худди ана шундай қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилган, Ховос туманида яшовчи фуқаро Илимдор Калоновдан тезкор-тадбир давомида, гувоҳлар иштирокида 3 минг 500 АҚШ доллари ва 10 миллион 455 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари ашёвий далил тариқасида олинди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИЖҚК Департаментининг вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Қуён юрак” қотил ҳайдовчи топилди
Мирзаобод тумани ҳудудида пиёдани уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлган ва воқеа жойидан қочиб кетган номаълум автомашина ҳайдовчиси топилганлиги — машина русуми «Кобальт» эканлиги маълум бўлди.
Жорий йилнинг 26 октябрь куни соат 20:15 ларда Мирзобод тумани ҳудудидан ўтган М-34 автомобил йўли 122-километри Янгиер – Тошкент йўналишида номаълум автомашина йўлни кесиб ўтаётган 1991 йилда туғилган пиёда П.А.ни уриб юбориб воқеа жойидан қочиб кетган. Пиёда П.А. шифохонада вафот этганлиги, ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари ўтказилаётганди.
Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) ахборот хизматининг хабарига кўра, тезкор суриштирув ҳаракатлари оқибатида воқеа жойидан “қуён” бўлган қочоқ ҳайдовчи топилган. Хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан ҳудудий тергов бўлимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Авто ҳалокат пайтида вақтида “қуён юрак” ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб қолмай, автомашинасида уриб юборган пиёдани энг яқин шифохонага олиб бориб биринчи ёрдам кўрсатилганида, эҳтимол унинг ҳаёти сақланиб қолинган бўлармиди. Ушбу ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ўзи ва ўзгалар ҳаётига эътиборсизлик – оқибати фалокат!
Сирдарё туманида тезликни белгиланган меъёрдан оширган ҳайдовчи пиёдани уриб юборди. Пиёда бир қатор тан жароҳатлари билан туман шифохонасининг жарроҳлик бўлимига ётқизилди.
Сирдарё тумани ИИБга тушган хабарга кўра, шу ҳудуддаги Баҳор маҳалласи Гулистон кўчасининг 4-километрида 1994 йилда туғилган ҳайдовчи Қўйсинбой Болонов исми-шарифи ўзгартирилган) ишончнома асосида бошқарувида бўлган “Дамас” русумли автотранспорт воситасини бошқариб кетаётган вақтида, йўлнинг чап томонидан ўнг томонига ўтаётган пиёда, 1966 йилда туғилган У.Г.ни автомашинанинг олд қисми билан уриб юбориб йўл транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) содир этган. Ҳайдовчи пиёдага биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида, зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Ҳолат юзасидан Сирдарё туман ИИБ Тергов бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Халқимиз, юзда юрма, юзга кир, деб бежизга айтилмаган. Белгиланган тезлик даражасини меъёрдан ошириб, қодаларга амал қилмаслик оқибатида ЙТҲ содир этилди. Автомашина бошқарган киши ўзи ва ўзгалар ҳаётига беэътиборлиги ҳалокатга олиб келиши муқаррар.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олди олинмоқда

“Ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва хизмат фаолиятини такомиллаштириш” ойлиги давомида Сайхунобод туман Ички ишлар ҳодимлари томонидан вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида хуқуқбузарлик ҳамда жиноятларни олдини олиш мақсадида туман ҳудудида мунтазам равишда турли сохавий хизмат вакиллари билан ҳамкорликда кундузги ва тунги вақтларда хизмат олиб борилмоқда.
Ушбу хизматга 19 нафар профилактика инспектори, 4 нафар пост-патрул хизмати, 2 нафардан жиноят қидирув, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ва пробация бўлимлари ходимлари билан биргаликда мунтазам равишда назорат ишлари олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бунинг самарасида содир этилиши мумкин бўлган бир қанча ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олди олинмоқда.
Жингилдан фойда кўраман деган “ишбилармон” жарима тўлайдиган бўлди
Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Ховос тумани инспекцияси ходимлари кундузги рейд тадбирини ўтказиш давомида, шу ҳудуддан ўтувчи М-34 магистрал йўли четида фуқаро Улашбой Халтаев (исми-шарифи ўзгартирилган) ноқонуний равишда Юлгун (Жингил)бута ўсимлигини табиатга зарар етказган ҳолда чопиб, ўзига тегишли бўлган автомашинага ортиб кетаётган вақтда давлат инспекторлари томонидан тўхтатилди.
Энди Улашбой жингилдан олишни режалаштирган фойдасини устига анча-мунча қўшиб, жарима тўлайди.
Ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий жарима жаъзоси қўлланилиб, жойида баённома расмийлаштирилди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА