Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги спорт мактабида Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакат бўйлаб кенг кўламда ташкил этилаётган "Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари" мусобақаларининг таэквондо (WT) йўналиши бўйича минтақавий босқич баҳслари бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақанинг минтақавий босқичида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидан ташриф буюрган 200 нафарга яқин ёш таэквондочилар 10 та вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб борди. Улар спорт мактаблари ва клублари шарафини ҳимоя қилишди.
[gallery-23620]
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ҳамда махсус спорт формалари билан тақдирланди. Улар "Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари" мусобақаларининг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
***
Ховос туманида ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик мавзусида семинар ўтказилди.
Семинарда жорий йилда 8 минг гектар майдонда етиштирилган донни ўз вақтида ва сифатли териб олиш, ҳудудий “ғалла штаблари”, туман ишчи гуруҳлари ва махсус отрядларни ташкил этиш, комбайнлар учун эҳтиёт қисмлар, ёнилғи захираси яратиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Ҳосилни тез ва самарали йиғиб олиш мақсадида туманда 15 та махсус ғалла ўриш отряди шакллантирилди. Мавсум давомида 27 та ғалла ўриш комбайни, 92 та дон ташиш ва 16 та ҳайдов техникаси, 2 та кўчма устахона ҳамда 4 та ёнилғи ташувчи восита жалб этилади.
Жорий йилда туманда 22 500 тоннадан зиёд дон хирмонини бунёд этиш режалаштирилган.
Шунингдек, комбайн операторлари ва ишчи мутахассислар учун қулай иш шароити яратиш, илғорларга моддий-маънавий рағбат бериш чоралари ҳам белгиланди.
Семинарда сўзга чиққан фермерлар бу йилги ўрим-йиғимни ўтган йилларга нисбатан эртароқ якунлаш учун барча имкониятлар мавжудлигини қайд этишди.
***
Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасида Сирдарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раислигида соғлиқни сақлаш соҳасида жорий этилган “90 кунлик чора-тадбирлар” ижросига бағишланган видеоконференция шаклида кенгайтирилган танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди.
Асосий эътибор рақамлаштириш жараёни ва унинг амалга оширилишидаги муаммоларга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, хавфли ҳолатларни олдиндан аниқлаш, перинатал хизматларни такомиллаштириш, юқори технологияли тиббий ёрдам ҳамда малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қоплашга, шунингдек тиббиёт муассасалари санитарияси, тозалик ва ободонлаштириш масалаларига қаратилди.
– Вилоят раҳбари қайд этганидек, оналар ва болалар саломатлиги фақат тиббий масала эмас, балки жамият тараққиётининг кўрсаткичи ҳисобланади. Шу боис оналик ва болаликни муҳофаза қилишдаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналар ва болалар саломатлиги бўйича ўринбосари Гулнора Қувватова. — Айниқса, улар билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ва режалаштирилган ишлар муҳокама марказида бўлди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалаларнинг амалий ечими қониқарли эмаслиги ва сусткашликка йўл қўйиб бўлмаслиги таъкидланди, чунки соғлиқни сақлаш тизимида инсон ҳаёти асосий мезондир ва рақамлар унга хизмат қилиши керак.
***
Мирзаобод туманида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга ер ажратиш ва иш билан таъминлашга қаратилган амалий ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев бошқариб борди. Унда маҳаллий ҳокимият вакиллари, тегишли ташкилот раҳбарлари, ёшлар етакчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мулоқот жараёнида ёшларга деҳқончилик учун ер ажратиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва қишлоқ хўжалигига оид амалий билим ва кўникмаларни ошириш борасида амалга оширилаётган чоралар таҳлил қилинди. Айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашдаги долзарб муаммолар ва уларни бартараф этиш механизмлари муҳокамалар марказида бўлди.
***
Сирдарё вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Нодирбек Салимжонов ҳамда масъул ходимлар томонидан Сирдарё туманидаги “Sirdaryo-Mega-Luks” корхонасида тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этишга қаратилган навбатдаги сайёр учрашув ташкил этилди.
Учрашувда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш ва сифатли божхона хизматларини кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Сирдарё туманидаги “Sirdaryo-Mega-Luks” қоп ва плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик корхоналардан бири бўлиб, унда ҳозир 2150 дан ортиқ ходим фаолият юритмоқда. Жорий йил давомида корхона 13,2 млн. АҚШ доллари қийматида хомашё импорт қилди, ишлаб чиқарилган товарлар асосан ички бозорга йўналтирилмоқда. Шунингдек, 3,3 минг тонна вазнда, қиймати 7 млн. АҚШ долларига тенг маҳсулот хорижга экспорт қилинган.
Учрашувда тадбиркорлар томонидан божхона тўловларини амалга оширишда учраётган муаммолар муҳокама қилинди. Божхона ходимлари ушбу масалаларни жойида ижобий ҳал этиб, тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири