Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Гулистон туманида келгуси 2021 йил баҳорги дала ишларини ўз вақтида ва оптимал муддатларда ўтказилишини таъминлаш мақсадида мавсумда иштирок этадиган 966 та турли хилдаги қишлоқ хўжалик техникалари, жумладан 83 та чопиқ трактори, 83 та культиватор, 53 та чигит экиш сеялкаси, 678 та тишли борона, 12 та чизел, 17 та ер текислагич, 23 та пуркагич, 11 та ғалла ўриш комбайни ва 6 та минерал ўғит сепгич техникалари марказлашган ҳолда туман машина трактор паркига йиғилиб, таъмирланмоқда.
Туман ҳокими Ш.Гафуров тегишли мутасаддиларга техникаларни таъмирлаш жараёнида назорат ишларини олиб бориш, таъмирлаш сифатига алоҳида эътибор қаратиш ҳамда таъмирдан чиққан техникаларни қабул қилиб олиш юзасидан ҳужжатларни юритилиши ҳақида ўз тавсия ва кўрсатмаларини берди.

Мирзаобод туманида аҳоли истеъмоли учун жорий йил ноябрь ойидан 2021 йил май ойигача бўлган даврда талаб этиладиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захираси ҳисоб-китоб қилинди.
Жумладан, аҳолининг эҳтиёжи учун зарур бўладиган 1 минг 900 тонна, мол, қўй ва парранда гўшти, 2 минг тонна картошка, 339 тонна балиқ муҳсулоти, 365 тонна гуруч, 339 тонна ўсимлик ёғи, 2 минг 200 тонна ун маҳсулоти, 737 тонна пиёз, 732 тонна сабзи ва 7 миллион 796 минг дона тухум шу ҳудудда етиштирилса, 1000 тонна шакар маҳсулоти бошқа ҳудуддан олиб келиниши белгиланди.
Тумандаги тадбиркорлар, кластерлар ва фермер хўжаликларига 3 минг 500 тонна гўшт маҳсулоти, 4 минг тонна балиқ, 2 минг 400 тонна гуруч, 1 минг 700 тонна ўсимлик ёғи, 860 тонна пиёз, 50 миллон дона тухум, 1 минг 200 тонна сабзи маҳсулотлари ишлаб чиқариш вазифаси юклатилди.

Сайхунобод туманида ҳам 2020-2021 йиллар қиш-баҳор мавсумига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш белгилаб олинди.
Мутасадди раҳбарларга жами 1 минг 164 тонна, жумладан, 582 тонна картошка, 291 тонна пиёз, 175 тонна сабзи ва 116 тонна гуруч маҳсулотлари захирасини яратиш топшириғи юклатилди.
Ушбу маҳсулотларни сифатли сақлаш мақсадида 1 минг 400 тонна ҳажмдаги 7 та совуткичли камералар ва 1 та омборхонада захира жамғарадиган бўлинди.
**********************
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда юқори ва сифатли ҳосил олишнинг асосий омилларидан бири ўсимликларни турли зараркунанда, касалик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишдир. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги корхоналарида ўсимликларни ҳимоя килиш тадбирларини тўғри ва режали ташкил этиш ва бошқариш лозим.
Бу борада Сирдарё туманидаги биолабораториялар ходимлари ҳам хизмат вазифасини аъло даражада бажариб келмоқда. Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаевнинг ташаббуси билан тумандаги 5 та биолабораторияларда фаолият юритаётган 31 нафар ишчи ходимлар эсдалик совғалари ҳамда 1 миллион 500 минг сўмдан пул мукофотлари топширилди.

Ховос тумани ҳокимлиги, прокуратураси, адлия бўлими ҳамда аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида Меҳнатобод, Фарҳод маҳаллалари ҳамда Ховос шахарчасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.
– Жумладан. Меҳнатобод ҳудуди аҳолиси учун ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 60 нафардан зиёд фуқаро қатнашди, – дейди туман адлия бўлими бошлиғи Ихтиёр Қаюмов. – Янги ташкил этилган ва бўш иш ўринларига алимент тўловчи ишсиз фуқароларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида тумандаги 20 та корхона ва ташкилотлар 260 та бўш иш ўрни билан катнашди ва 12 нафар ишсиз алимент тўловчиларга ишсизлик нафақаси тайинланди, 4 нафар ишсиз ёшлар эса иш билан таъминланди.
**********************
Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бошқармасида ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Назар Қаршибоев иштирокида “Ҳуқуқий ахборот соати” ташкил қилинди.
Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, юртимизда ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароит ва имтиёзлар тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Эркин мулоқот тарзида ўтган тадбирда қонун лойиҳасида белгиланган Миллий гвардиянинг асосий вазифалари, тузилиши, шахсий таркиби, ҳуқуқий ҳолати, фаолият йўналишлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Гулистон тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида 2004-2005 йилларда туғилган ёшлар ўртасидаги ўтказилаётган волейбол бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан ташриф буюрган 140 нафардан ортиқ спортчилар ғолиблик учун баҳслашмоқда.
Ушбу мусобақа айланма шаклда жамоалар 3 гуруҳга бўлинган ҳолда ўтказилаётир. Ғолиб жамоалар номи жорий йилнинг 30 ноябрь куни аниқ бўлади.

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА