Сирдарё вилояти “Нуронийлар маскани” очилди
Ушбу масканни очилишида “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони С. Турдиев, “Нуроний” жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Ў. Абдиев мамлакатимизда нуронийларга бўлган эътибор ва ғамхўрлик янги босқичга кўтарилгани, ёшларни эртанги куннинг муносиб ворислари қилиб тарбиялашда нуронийларнинг зиммасидаги масъулият ортганини алоҳида таъкидлади.
— Маҳалламизда тинчлик-тотувлик муҳитини таъминлашда, ёшлар тарбиясида нуронийларимизнинг алоҳида ўрни бор, — дейди сирдарё туманидаги “Бешбулоқ” маҳалласи “Кексалар маслаҳат” гуруҳи раиси Рўзимат Акрамов, –Ўзбекистон бўйлаб ҳар бир нуронийга тарбияси оғир, оилавий шароити ночор, етим ёки қаровчиси йўқ ёшлар бириктирилмоқда. Мен ҳам 10 нафар ёшлар билан иш олиб боряпман. Ёшларимиз орасида ножўя иш қиладиган, тарбияси оғирлар йўқ. Менга бириктирилган ёшлардан иккитасига ер олиб бердик, деҳқончилик сирларини тушунтирдик. Олий ўқув юртида ўқийдиган икки нафарига шартнома пулини тўлаб бердик.
Бу аввло мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятларнинг натижасидир. Шу билан бирга биз кекса авлод вакиллари ҳамжиҳатликда ёшлар тарбиясига бош-қош бўлишимиз муҳим.
Сирдарё туманидаги “Оқибат” маҳалласи “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик тузилмаси раиси Мавлуда Тўражонова ҳам “Бир нуроний ўн ёшга масъул”, “Нуроний ҳар бир оилага масъул” тамойиллари асосида ибратли ишларни амалга оширмоқда.
— Ўқишга қизиқиши бор, аммо оиласида моддий имконияти йўқ ёшларимиздан 4 нафарига ҳоким ёрдамчиси билан ҳамжиҳатликда шартнома пулларини тўлашга ёрдам бериб, ўқишни давом эттиришига эришдик, — дейди Мавлуда Тўражонова. – Бир нафар тарбияси оғир ёшимиз билан маърифий-психологик суҳатлар ўтказиб, автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчасига ишга жойладик. Чунки, кўп ҳолларда ножўя ҳатти-ҳаракатлар бекорчиликдан келиб чиқади.
Эркабой ота Жумаев ўзига бириктирилган ёшларга сартарошлик ҳунарини ўргатиб, иш билан таъминлашга ёрдам бермоқда. Аҳмат ота Неъматов ёшларни энг аввало оилада тарбиялаш зарур деб, 4 нафар невараси тарбиясини ўз зиммасига олган ва уларнинг тил ўрганишини алоҳида назорат қилмоқда. Айни пайтда Аҳмат отанинг невараларидан бири ҳарбий қисмда таржимонлик қилаётган неварасининг командирларидан ташаккурнома олганидан отахони жуда мамнун.
Қизғин суҳбатга бой учрашув сўнгида йиғилганлар Сирдарё туманидаги “Нуронийлар маскани”да яратилга шарт-шароитларни кўздан кечиришди. Шунингдек, Сирдарё тумани нуронийларини Самарқанд вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳатга юборишга келишиб олинди.
ЎзА