Сирдарё телерадиокомпаниясида қўшалоқ байрам
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Сирдарё вилояти телерадиокомпанияси жамоасида айни пайтда 70 нафарга яқин ижодий ва техник ходим фаолият юритмоқда. Ушбу аҳил жамоа учун жорий йилги 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни қўшалоқ байрамга айланди.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги амалий ёрдами билан ажратилган маблағ эвазига «Сирдарё ёшлари» радиосини ташкил этиш учун зарур бўладиган 1 дона қуввати 3 килловат бўлган FM радиоузаткич, 1 комплект узатувчи антенна қурилмаси, 200 метр фидер кабели, бундан ташқари, радио дастурларини тайёрлаш ва эфирга узатиш учун керак бўладиган 6 комплект моноблок, 4 дона аудиомикшер, 6 дона микрафон, 2 дона диктафон сингари техник жиҳозлар олиб келинди. Ҳозирда 3 килловатлик FM радиоузаткич қурилмасини ўрнатиш ишлари бошланди.
– Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами ва муҳим сиёсий тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида турибмиз, – дейди Сирдарё вилоят телерадиокомпанияси директори Зафар Дарханов. – Бу жараёнлар ҳамда вилоятимизда рўй бераётган янгиланишларни марказий телеканаллар, хусусан «Ўзбекистон 24» телеканали ва Сирдарё телеканали орқали тўғридан-тўғри тезкор ёритиш учун вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган маблағ эвазига харид қилинган 1 комплект “Awivest” телеускунаси, 1 дона ВПН (VPN) қурилмаси, “Mark-4» камераси яқин кунларда ишга туширилади.

Айни пайтда Сирдарё вилояти телерадиокомпаниясининг янги биносини қуриш, пардозлаш ишлари авжи паллада. Белгиланган режага асосан, шу йил охирига қадар янги бинони фойдаланишга топшириш назарда тутилган.
А.Қаюмов,
Ф.Тошматов (сурат), ЎзА