"Сирдарё олимпиадаси" ғолиблари тақдирланди
Ёшларда спортга бўлган ҳавас ва интилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини янада кучайтириш, ёшларни спорт машғулотларига узлуксиз жалб этишга қаратилган спорт мусобақалари тизимини янада такомиллаштириш мақсадида жорий йил апрель ойидан бошлаб маҳалла ёшлари ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси” бошланган эди. Мусобақаларнинг маҳаллий ва вилоят босқичлари якунланиб, ғолиблар аниқлангач вилоят ҳокимининг ташаббуси билан "Сирдарё олимпиадаси" спорт мусобақалари ўтказилди.
Алпомиш мажмуасида "Сирдарё олимпиадаси" мусобақалари совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Мазкур олимпиада доирасида ўтган мини футбол, волейбол, стритбол, стол тенниси турлари бўйича спорт мусобақаларига 3 ярим мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинди.
Маросимда мусобақанинг туман ва шаҳар, вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритган 69 нафар иштирокчи тақдирланди.

Натижаларга кўра, мини футбол бўйича ғолиблик Гулистон шаҳрининг "Боғишамол" маҳалласи ёшларига насиб этди. Волейбол спорт тури бўйича Боёвут тумани Амир Темур маҳалласи қизлар жамоаси 1-ўринни эгаллади. Стол тенниси бўйича қизлар ўртасида ўтган баҳсларда Оқолтин тумани "Бўстон" маҳалласидан Нафосат Алиқулова ғалабани қўлга киритди.
Оилалар ўртасидаги стритбол баҳсларида 1-ўринга Ховос тумани "Истиқлол" маҳалласидан Ҳайдаровлар оиласи муносиб, деб топилди.

Тақдирлаш маросими “Беш ташаббус олимпиадаси” иккинчи мавсумининг очилишига уланиб кетди. Олимпиаданинг иккинчи мавсуми доирасида ёшлар маданият, санъат, спорт, китобхонлик, IT йўналишлари бўйича танлов ва мусобақаларда иштирок этиши мумкин.

“Беш ташаббус олимпиадаси” давомида маданият ва санъатни тарғиб қилишга қаратилган “Ёшлар рақс фестивали”, “Миллий ва замонавий чолғу ижрочилиги” танловлари, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштиришга қаратилган волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, бадминтон, стол тенниси, "stritbol", "street workout", миллий кураш бўйича спорт мусобақалари, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган “Киберспорт” мусобақаси, ёшларнинг мантиқий билимларини оширишга қаратилган “Заковат” интеллектуал ўйини, маънавият ва китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган анъанавий “Ёш китобхон”, “Қувноқлар ва зукколар” каби танловлар маҳалладан бошлаб ташкил этилиши режалаштирилган.
Иккинчи мавсум 5 та – маҳалла, сектор, туман, ҳудуд, республика босқичида ўтказилади.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА