Сирдарёда “Паспорт-виза” тартиби амал қилмоқда
Сирдарё вилоятида ҳам аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус касаллигини вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш ҳамда назоратдан чиқармасликни таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сирдарё вилоятида ҳам аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус касаллигини вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш ҳамда назоратдан чиқармасликни таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳудудига коронавирус пандемиясининг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича вилоят махсус комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят бўйлаб “Паспорт-виза” тартиби жорий этилгани таъкидланди.
– Коронавирус пандемиясини кириб келиши ва олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантин даврида жорий этилган “Паспорт-виза” тартибига кўра – вилоятимиз ҳудудига республикамизнинг бошқа вилоятларидан мақсадсиз, узрли сабабларсиз фуқароларнинг ташрифи, ҳаракати ва умуман вилоят ҳудудида бўлишлари ҳам чекланади, – дейди Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати раҳбари, капитан Достон Шамсиддинов. – Карантин муносабати билан вилоятнинг барча шаҳар туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар аниқ яшаш манзилларидан бошқа шаҳар ва туманларга ҳамда вилоят марказига бориб-келиши ҳам чекланади. Ушбу тартибга риоя қилмаган ҳар қандай шахсга қонунда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилади.
Турли тантаналар, маросимлар ташкил этиш, ўтказиш, меҳмонга бориш ва меҳмон чорлаш каби одатлар ҳозирча тўхтатилади. Қадрли ҳамюртлар, “Паспорт-виза” тартибига риоя қилинг, илтимос ўзингизни ҳам, ўзгаларни ҳам саломатлигини хатарга қўймай, уйда қолинг!
Бугун вазият сизу биздан ўзбекона меҳмондўстлигимизни вақтинча орқага суриб туришни талаб этмоқда. Ўзини, яқинлари, фарзандлари, ота-онаси, дўсту биродарларини ҳурмат қилган ҳар қандай ўзбек, ҳар қандай ўзбекистонлик, ҳатто, энг яқин дўстининг уйига ҳам меҳмонга бормайди. Киндик қони томган юртини севган, ўзбек, ўзбекистонликман деган инсон – ҳукумат томонидан чиқарилган барча қонун-қоидаларга ва талабларга бўйсунади. Бир қориндан талашиб тушган биродари, жону жигарларининг ҳам таваллуд айёми бўлсада, меҳмонга бормайди ва ўзиникига ҳам чорламайди. Чунки карантин биздан, ҳар биримиздан шуни талаб қилади. Дарҳақиқат, дунё ҳамжамиятида вазият қанчалик кескинлашиб бораётганини, мамлакатимизда ҳам касалланганлар сони кун сайин ортиб бораётганини гувоҳи бўляпмиз. Бугун ҳар биримиздан ҳушёрлик талаб этилади. Саломатлигингиз қадрига етинг. Ўзингизни, оилангизни, яқинларингизни, қолаверса юртдошларимизни коронавирус балосидан асранг!
Унутманг, сиз соғлом экансиз, дунёдаги энг катта бой бу сиз!