Сирдарёда абитуриентларнинг бармоқ излари ҳам текширилмоқда
Бу йил олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларига келган абитуриентлар назоратда шубҳа уйғотган пайтида, уларнинг бармоқ изларини текшириш орқали аниқлик киритилмоқда.
Бу йил олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларига келган абитуриентлар назоратда шубҳа уйғотган пайтида, уларнинг бармоқ изларини текшириш орқали аниқлик киритилмоқда.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Марказий” ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўйингоҳларининг кириш жойида назорат ўтказиш пунктлари ташкил этилган. У ерда бармоқ изи орқали шахсни аниқлаш қурилмаларидан фойдаланилган ҳолда абитуриентларни шахсини аниқлаш чоралари кўрилаётир.
Тест синовлари ўтадиган жойларда юзни таниб олувчи камералар ўрнатилган бўлиб, бу камералар орқали имтиҳонга абитуриент ёки бошқа шахс келганлигига аниқлик киритилади. Ушбу камераларда абитуриентнинг шахси унинг фотосурати орқали аниқланмаган ҳолларда, Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати ходимлари томонидан бармоқ изларини олувчи сканер қурилмаси ёрдамида абитуриентнинг шахсига аниқлик киритилади.
– Тест синовлари ўтказиладиган объектлар ва уларнинг атроф-ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш билан биргаликда, шубҳа туғдирган абитуриентларнинг бармоқ изларини олиш учун мўлжалланган махсус сканер қурилмаси ёрдамида уларнинг шахсига аниқлик киритилмоқда, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи подполковник Руслан Забиров. – Ушбу жараён орқали абитуриент ўрнига имтиҳон топширишга кирмоқчи бўлган бутунлай бошқа бир шахс эканлиги аниқланса, уларга қонунчилигимизда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
Президентимиз таъкидлаганларидек, “Ёшлар имтиҳондан ўтиш учун эмас, билимли мутахассис бўлиш учун ўқиши лозим” деган сўзлари фикримизга яққол далил бўла олади. Бу тизим тест синовлари ўтказишда ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш, кириш имтиҳонлари ўтадиган олий таълим муассасаларига ҳар хил қинғир йўллар билан киришнинг олдини олади.