Сирдарё хабарлари – қисқа сатрларда
Шунингдек, ташриф чоғида уларга 7 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур дори-дармонлар ва антисептик воситалар тарқатилди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Сирдарё вилоятида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Мирзаобод туманида яшовчи 45 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари, дори дармон ва антисептик воситалар тарқатилди.
Мирзаобод туман прокурори, 2-сектор раҳбари С.Норбўтаев ташаббуси билан турмуш тарзи оғир, боқувчисини йўқотган, оиласида ногиронлиги бор, якка-ёлғиз, ўзгалар қаровига муҳтож кексалардан 45 нафари ҳолидан хабар олиниб, мустақиллик байрами билан табрикланди.
Шунингдек, ташриф чоғида уларга 7 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур дори-дармонлар ва антисептик воситалар тарқатилди.
* * * * *
Жорий йилнинг 31 августи соат 10:00 ҳолатига кўра Сирдарё вилоятида коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 761 нафарни ташкил этмоқда.
Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Куни кеча, жорий йилнинг 30 августи кеч соат 23:00 га янги касалланиш ҳолати Сирдарё вилоятида 22 нафарни ташкил этган. Тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Шу кунгача вилоятда коронавирус инфекцияси билан 761 нафар бемор оғриган бўлиб, уларнинг 711 нафари ёки 93 фоизи тузалиб чиқди, 2 нафар бемор вафот этди, ҳозирда инфекция юқтириб олган 48 нафар бемор малакали шифокорлар назоратида даволанмоқда.
* * * * *
Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида яшовчи 8 нафар маҳкум халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрам мамлакатимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги тантаналарини ўз уйларида, оиласи даврасида қарши оладиган бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман судининг очиқ суд мажлисида раислик қилувчи С.Разаков бошчилигида Сайхунобод туман ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида жазо ўтаётган 8 нафар маҳкум жазони ўташ мобайнида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаганликлари, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажариб, виждонан меҳнат қилганлари, намунали ҳулқ-атвори билан жамоат ишларида фаол қатнашиб келганликлари ва иш жойидан ижобий тавсифнома берилгани, қонунга хилоф ҳаракатлари оқибатини тушуниб етганликлари, улар тузалиш йўлига ўтганликлари ва содир этган жиноятидан пушаймонликлари инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.