Сирдарё хабарлари қисқа сатрларда
Бу каби чора-тадбирлар Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Гулистон шаҳар деҳқон бозорида ҳам амалга оширилмоқда.
Сирдарё вилоятининг энг чекка Сардоба тумани марказидаги Пахтаобод шаҳарчаси деҳқон бозорида арзонлаштирилган нархларда озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.
Бугун Сардоба тумани ҳокими А.Хидиров бошчилигида сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, тумандаги мутасадди ташкилотлар раҳбарлари Пахтаобод деҳқон бозори, шу ҳудуддаги савдо дўконлари ва дорихоналарда нарх-наволар сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олиш юзасидан олиб борилаётган профилактик тарғибот ишлари билан танишди.
– Туман солиқ идораси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари билан биргаликда доимий асосда ишлайдиган махсус штаб тузилган ва бозорлардаги вазият қатъий назоратга олинган, – деди Сардоба тумани ҳокими А.Хидиров. – Энг асосийси, коронавирус ва ҳар хил юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида бозор ҳудудида, савдо дўконлари, умумий овқатланиш жойларида тозалик, ободонлаштириш ҳамда дезинфекция ишларини амалга оширишга эътибор қаратганмиз.

Бу каби чора-тадбирлар Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Гулистон шаҳар деҳқон бозорида ҳам амалга оширилмоқда.
Коронавирус тарқалишининг олдини олиш, бозорда сотилаётган маҳсулотлар нархининг ошиб кетмаслиги, санитария ва гигиена қоидаларига риоя этилиши доимий назоратда.
Коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан тиббиёт ниқоблари сотувчилар ва харидорларга бепул тарқатилди. Бу каби хайрли ишларни вилоятнинг бошқа бозорларида ҳам амалга ошириш режалаштирилган.
* * *

Мирзаобод туман ҳокимлиги ташабуси билан 68 ишсиз хотин-қиз туман бандликка кўмаклашиш маркази қошида очилган қисқа муддатли касбга тайёрлаш ўқув курсида ўқитилиб, Гулистон шаҳридаги “WELFOR” қўшма корхонасига ишга жойлаштирилди.
Корхона жойлашган ҳудудга яқин жойлашган “Навбаҳор” ва “Ҳақиқат” МФЙда яшовчи 90 нафар банд бўлмаган хотин-қиз рўйхати шакллантирилиб, қисқа муддатли ўқув курсида касбга ўқитилиши ва жорий йил апрель ойида ишга қабул қилиниши тўғрисида келишувга эришилди.