Сирдарё хабарлари – қисқа сатрларда
Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасида Сирдарё вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасида Сирдарё вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги касаба уюшма қўмитаси ҳамда шу вазирликнинг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Бахт шаҳарчасидаги республика ўғил болалар махсус мактаб-интернатида китобхонликни тарғиб қилувчи маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Ватанпарварлик руҳида ўтган учрашувдан сўнг меҳмонлар махсус мактаб-интернат ўқувчиларига жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонаси жавонидан ўрин олган энг сара бадиий китоблар жамланмасини совға қилди.
– Асрлар ўтсада, китоб – инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаи бўлиб келган ва шундай бўлиб қолаверади, – дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баҳодир Хидиров. – Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити бўлгани учун ҳам халқимиз уни мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблайди. Китобнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни беқиёс. Ушбу ноёб асарларни мутолаа қилиш махсус мактаб-интернати ўқувчилари таълим-тарбиясини яхшиланишига хизмат қилиши шубҳасиз.
* * * * *

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 10 январдаги “Давлат тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 апрелидан бошлаб фуқароларнинг руҳий касалликлар ва наркология диспансерлари ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома давлат хизматлари марказлари ҳамда ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.
Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар шўъбаси хабар берди.
Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, руҳий касалликлар ҳамда наркология диспансерлари томонидан фуқароларнинг ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинади. Наркология ва руҳий касалликларга чалинган фуқаролар ҳисоби фақат электрон шаклда юритилади.
Бундан ташқари, 2020 йилнинг 1 мартигача давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган автоматлаштирилган электрон ахборот тизими ишлаб чиқилади.
Қарор билан фуқароларнинг руҳий касалликлар ҳамда наркология диспансерлари ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш бўйича маъмурий регламентлар тасдиқланди.
* * * * *

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида 2008 йилда таваллуд топган болалар ўртасида ўтган футбол халқаро турнирида бронза медални қўлга киритган Сирдарё вилояти болалар футбол жамоаси Гулистон шаҳрида тантанали кутиб олинди.
Ушбу турнирда Андижон, Наманган, Сирдарё, Фарғона вилоятлари болалар терма жамоалари, “Одил Аҳмедов ФА” (футбол академияси)нинг 1 ва 2-жамоаси билан бирга Қозоғистон Республикасининг “Шахтёр” ҳамда “Бунёдкор” болалар клублари иштирок этди.
2 гуруҳда 4 тадан жамоа иштирок этган баҳсларда сирдарёлик ёш футболчилар учинчи ўрин учун бўлган баҳсда Фарғона вилоятилик тенгқурлари устида 5:3 ҳисобида зафар қучиб, бронза медалларига сазовор бўлди.
“Одил Аҳмедов ФА-1” ҳамда “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги финал ўйинининг асосий вақтида 1:1 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар сериясида “Одил Аҳмедов ФА-1” жамоаси ёш футболчилари 5:4 ҳисобида зафар қучиб, турнир ғолиби бўлди.