Сирдарё хабарлари – қисқа сатрларда
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида Сирдарё вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Гулистон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги вилоят ахборот кутубхона марказида мамлакатимизнинг таниқли рассомлари ва сирдарёлик ёш ижодкорлар асарларидан ташкил топган “Ранг ва чизгилар давомийлиги” деб номланган ижодий кўргазмаcи ташкил этилди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида Сирдарё вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ёш рассомларнинг ижодий фаолиятини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган кўргазмада вилоятда фаолият олиб бораётган иқтидорли ўқувчиларнинг 40 дан ортиқ ижодий иши кўргазмага қўйилди. Уларда юртимизнинг гўзал манзаралари, миллий урф-одатларимиз, мамлакатимизда изчил давом этаётган ислоҳотлар жараёни, беш ташаббуснинг амалдаги ижроси тасвирланган.
Сирдарёлик ёш ижодкорлар билан биргаликда Ўзбекистон халқ рассоми академик Аслиддин Исаев, Ўзбекистон халқ рассоми Нуриддин Калонов, санъат арбоби Акбар Фозилов ва Сирдарё вилояти Бадиий ижодкорлар уюшмаси раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби Анорқул Бойбековларнинг ижод намуналаридан ташкил топган “Ранг ва чизгилар давомийлиги” ижодий кўргазмаси ўқувчиларнинг қишки таътиллари давомида намойиш этилади.
* * *
Гулистон давлат университетида 2019 йил якунлари сарҳисоб қилиниб, 2020 йилдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирда 2019 йил сарҳисоб қилиниб, қилинган ишларнинг мавжуд ҳолати мониторинги ўтказилди ва янги 2020 йилда бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар хусусида батафсил тўхталиб ўтилди.
– Ўтган 2019 йилнинг 27 декабрь куни Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ёшлар билан ишлашни янги босқичга кўтариш юзасидан амалга оширишимиз лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди, – дейди университет ректори, профессор М.Ходжиев. – 2020 йилда университетимиздаги таълим-тарбия жараёнида ҳам ушбу долзарб масала биринчи ўринга қўйилади. Бу борадаги ишларда нималарга аҳамият бериш лозимлиги ҳақида мазкур кенгашда атрофлича фикрлашиб олдик. Энди янги йилдан бошлаб университетдаги мавжуд барча бўғим раҳбарлари – проректорлар, деканлар, кафедра мудирлари ва гуруҳ мураббийлари ҳар ҳафта талаба-ёшларимиз билан учрашиб, уларнинг мавжуд муаммолари ва таклифлари билан ишлашлари юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, шу асосида иш олиб борамиз.
Тадбирда 2019 йилда муваффақиятли фаолият юритган университетнинг энг фаол профессор-ўқитувчилари рағбатлантирилди.
* * *
“Ўзбекистон Товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамияти Сирдарё филиалида йил якунларига бағишлаб ўтказилган тадбирда ўтган 2019 йил натижалари бўйича энг фаол савдо майдончалари ва брокерлик идоралари аниқланди.
Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳаларда ёрқин самара бераётгани, ўтган 2019 йил якунлари ва бошланган 2020 йил режалари хусусида тўхталиб ўтилди.
– Филиалимизда жами 5 та савдо майдончалари, 22 та брокерлик идоралари ва 44 та трейдерлар фаолият олиб бормоқда, – дейди “Ўзбекистон Товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамияти Сирдарё филиали раҳбари С.Бегимқулов. – Якунига етган 2019 йилда вилоятимиз тадбиркорлари томонидан кўргазма-ярмарка савдоларида жами 18 миллиард сўмлик, биржа савдоларида 560 миллиард сўмлик маҳсулотлар сотилди. Шунингдек, 68 миллиард 200 миллион сўмлик давлат ва корпоратив харидлар амалга оширилди.
2019 йил якунига кўра “Энг яхши савдо майдончаси” деб Сайхунобод туманидаги “GLOBAL BROKER TRADING” хусусий корхонаси, “Энг яхши сотиб олувчи брокерлик идораси” деб “XALQNAZAR ABDUNAZAROVICH BROK GROUP” масъулияти чекланган жамияти, “Энг яхши сотувчи брокерлик идораси” деб “YNGIYER-MOBAYL-BARAKA” масъулияти чекланган жамияти топилди.
Ғолиб ва совриндорлар “Ўзбекистон Товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамияти Сирдарё филиалининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.