Синмас матонат қиссаси: Гулжаной Наимова яна бир чўққини кўзламоқда
Паралимпия ўйинлари чемпиони ва совриндори, жаҳон ва Осиё майдонларида юксак натижаларга эришган Гулжаной Наимованинг спортдаги муваффақиятлари, аввало, қатъият, меҳнат ва ўз кучига ишонч намунасидир.
Унинг навбатдаги марраси — 2028 йилда Америка Қўшма Штатларининг Лос-Анжелес шаҳрида ўтадиган Паралимпия ўйинларида яна бир бор юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш.
Спортда шундай ғалабалар борки, улар фақат шоҳсупанинг энг юқори поғонасини эгаллаш билан чекланмайди. Бундай зафарлар инсон иродасини намоён этиб, минглаб ёшларга ишонч ва илҳом бағишлайди. Ўзбекистон пара таэквондо терма жамоаси етакчиларидан бири Гулжаной Наимованинг халқаро майдондаги ютуқлари ана шундай аҳамиятга эга.
Япониянинг Аичи–Нагоя шаҳрида ўтказилган V Параосиё ўйинларида ҳамюртимиз аёллар ўртасида пара таэквондо бўйича К44 тоифасининг +65 килограмм вазн тоифасида барча рақибларидан устун келиб, олтин медалга сазовор бўлди. У чорак финалда хитойлик Сюй Фэнни, ярим финалда эса ҳамюртимиз Каромат Қосимовани 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Олтин медаль учун кечган ҳал қилувчи баҳсда хитойлик Тан Цидан ҳам 2:0 ҳисобида устун келди.

Шу тариқа, Гулжаной Наимова «Ханчжоу–2022» Параосиё ўйинларидаги ғолиблигидан кейин яна бир бор қитъа ўйинлари чемпионига айланди. Бу натижа спортчининг халқаро майдондаги барқарорлиги, юксак маҳорати ва йирик мусобақаларда ғалаба учун курашиш салоҳиятини яна бир бор намоён этди.
Ишонч ва имкониятлар самараси
Гулжанойнинг муваффақиятларини фақат шахсий истеъдод ва машғулотлар самараси билан изоҳлаш тўлиқ бўлмайди. Унинг ютуқлари мамлакатимизда параспортни ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур шароитларни яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳамоҳангдир.
Ўзбекистонда жисмоний имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилиятини рўёбга чиқариш, спорт орқали ўз салоҳиятини намоён этиши учун имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда параспорт нафақат юқори натижаларга эришиш воситаси, балки инсоннинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, ўз кучига ишончини мустаҳкамлаш ва янги мақсадлар сари интилишига хизмат қилувчи муҳим йўналишдир.
Президентимизнинг 2025 йил 8 июлдаги «2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги қарори ҳам ушбу йўналишдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди. Ҳужжатда спортчиларни нуфузли халқаро мусобақаларга пухта тайёрлаш, уларнинг маҳоратини ошириш ва Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилган.

Бундай тизимли ёндашувнинг асосий мақсади иқтидорли спортчиларни эрта аниқлаш, уларнинг тайёргарлиги учун зарур шароитларни яратиш ва халқаро майдондаги рақобатбардошлигини оширишдан иборат. Гулжаной Наимова каби спортчиларнинг ютуқлари эса бу йўлда қатъият, машаққатли меҳнат ва изчил тайёргарликнинг аҳамиятини кўрсатади.
Илк қадамлардан жаҳон шоҳсупасигача
Гулжаной Наимова 2001 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган. Спортга бўлган қизиқиши ва олдинга интилиши унинг ҳаётида муҳим ўрин тута бошлади. Мамлакат миқёсидаги мусобақаларда тобланган ёш спортчи қисқа вақт ичида халқаро майдонда ҳам ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлди.
2017 йилда Лондон шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида терма жамоа таркибида иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритди. 2018 йилда Вьетнамда ташкил этилган Осиё очиқ чемпионатида эса рақибларидан устун келиб, олтин медалга сазовор бўлди.
2019 йил Гулжаной учун яна бир сермаҳсул мавсум бўлди. У Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш, Иордания мезбонлик қилган Осиё чемпионатида бронза, Италиядаги Европа очиқ чемпионатида эса кумуш медални қўлга киритди.
2020 йилда Токиода ўтказилиши режалаштирилган XVI Паралимпия ўйинлари коронавирус пандемияси сабаб бир йилга қолдирилди. Бу давр спортчи учун тайёргарликни давом эттириш, маҳоратни ошириш ва олдинда турган энг муҳим мусобақага руҳан ҳамда жисмонан ҳозирлик кўриш имконияти бўлди.

Ниҳоят, 2021 йилда Токиода ўтказилган Паралимпия ўйинларида Гулжаной ўзининг энг муҳим ғалабаларидан бирига эришди. Олтин медаль учун кечган финал баҳсида бразилиялик Дебора Менезешни 8:4 ҳисобида мағлуб этиб, Паралимпия ўйинлари чемпионига айланди. Шу йили Туркияда ўтказилган жаҳон чемпионати ва Ливандаги Осиё чемпионатида ҳам ғолиб бўлди.
Чемпионлик сари узлуксиз интилиш
2022 йилда Гулжаной Наимова халқаро майдондаги муваффақиятларини давом эттирди. Эрон пойтахти Теҳронда ўтказилган Осиё таэквондо федерацияси Президенти кубоги, Англиянинг Манчестер шаҳридаги Европа очиқ чемпионати, Болгария пойтахти Софияда ташкил этилган Гран-при турнири ва Вьетнамдаги Осиё чемпионатида олтин медалларга сазовор бўлди. Парижда ўтказилган Гран-при мусобақасида эса кумуш медални қўлга киритди.
Мазкур натижалар спортчининг йил давомидаги барқарорлигини намоён этди. Унинг ютуқлари мамлакатимизда ҳам эътироф этилди ва Гулжаной «Йилнинг энг яхши аёл паралимпиячиси» деб топилди.
2023 йилда ҳам пара таэквондочимиз Туркия, Франция ва Ливанда ўтказилган нуфузли мусобақаларда шоҳсупага кўтарилди.
Пара таэквондо бўйича терма жамоа бош мураббийи Бобур Қўзиев раҳбарлигидаги тайёргарлик жараёнида Гулжаной ўз маҳоратини янада оширди. Ханчжоудаги Параосиё ўйинларида аёллар ўртасида +65 килограмм вазн тоифасида ярим финалда хитойлик Куи Тангни 12:0 ҳисобида мағлуб этди. Финалда эса эронлик Лейла Мирзаийга қарши баҳсда 16:0 ҳисобида ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритди.
Ушбу ғалаба Гулжанойнинг қитъа миқёсидаги етакчи спортчилардан бири эканини яна бир бор тасдиқлади.

2024 йил ҳам Гулжаной Наимова учун муҳим мусобақаларга бой бўлди. Вьетнамнинг Дананг шаҳрида ўтказилган Параосиё чемпионатида +65 килограмм вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлди. Париждаги Паралимпия ўйинларида эса финалга қадар етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда британиялик Эми Трюсдейлга жароҳат сабаб имкониятни бой берди ва кумуш медални қўлга киритди.
2025 йилда Малайзиянинг Кучинг шаҳрида ташкил этилган пара таэквондо бўйича Осиё чемпионатида ҳамюртларимиз муваффақиятли иштирок этди. Гулжаной Наимова +65 килограмм вазн тоифасида яна бир бор Осиё чемпиони бўлди. Мусобақа давомида у эронлик Марзия Насроллахийни 23:4 ҳисобида мағлуб этди, финалда эса бразилиялик Дебора Менезеш устидан 15:13 ҳисобида ғалаба қозонди.
Жорий йилда ҳам спортчимиз халқаро майдондаги ғолиблик анъанасини давом эттирди. Июнь ойида Италия пойтахти Римда ўтказилган пара таэквондо бўйича жаҳон Гран-при мусобақасида +65 килограмм вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлди.
Июль ойида Жанубий Кореянинг Чунчон шаҳрида ташкил этилган G4 тоифасидаги Жаҳон очиқ челленж турнирида ҳам ғолибликка эришди. Сентябрь ойида Муҗу шаҳрида ўтказилган жаҳон Гран-при мусобақасида эса финалда “Париж–2024” Паралимпия ўйинлари чемпиони Эми Трюсдейлни мағлуб этиб, яна бир олтин медални қўлга киритди. Бу ғалаба унинг икки йил аввал жароҳат сабаб Паралимпия ўйинлари финалидаги мағлубият учун реванш сифатида қайд этилди.
Лос-Анжелес сари янги марралар
Гулжаной Наимованинг спортдаги ғолибона йўли йиллар давомидаги изчил меҳнат, ўз устида ишлаш ва янги мақсадлар сари интилиш тарихидир. Паралимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари, Осиё биринчиликлари, жаҳон Гран-при турнирлари ва Параосиё ўйинларидаги натижалар буни яққол кўрсатади.
Энди спортчи олдида яна бир муҳим вазифа турибди. У 2028 йилда Америка Қўшма Штатларининг Лос-Анжелес шаҳрида ўтадиган Паралимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш ва юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиши лозим.

Гулжанойнинг ҳар бир ғалабаси ёш авлодга муҳим сабоқ беради. Катта мақсадларга эришиш учун истеъдоднинг ўзи кифоя эмас, балки сабр, интизом ва тинимсиз меҳнат ҳам зарур. Унинг ютуқлари имкониятлардан самарали фойдаланиш, ўз олдига юксак марралар қўйиш ва юрт шарафи учун курашиш намунасидир.
Ишонч билан айтиш мумкинки, Гулжаной Наимова каби спортчиларнинг муваффақиятлари мамлакатимизда параспортга бўлган қизиқишни янада ошириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Энг муҳими, бу ғалабалар янги авлод вакилларига ўз орзулари сари дадил қадам ташлаш учун куч бағишлайди.
“Лос-Анжелес–2028” сари йўлда Гулжаной Наимовага янги зафарлар, мустаҳкам ирода ва юртимиз байроғини яна бир бор шоҳсупанинг энг юқори поғонасига олиб чиқиш насиб этсин.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА