Сингапурда учувчисиз учиш тақиқланади
Сингапур фуқаро авиацияси бошқармаси (CAAS) ва мамлакат полицияси (SPF) маълум қилишича, 21 ноябрдан бошлаб ҳукумат учувчисиз учиш мосламаларининг трансчегаравий парвозини тақиқлайди.
– Сингапур чегараларини бирор йўналишда ноқонуний кесиб ўтаётганда қўлга олинган ҳар қандай учувчисиз учоқ оператори жиноий жавобгарликка тортилади, – дейилади агентликлар қўшма баёнотида. – Қоидабузарларга 50 000 сингапур доллари (тахминан 37 000 АҚШ доллари) миқдорида жарима, икки йилгача қамоқ ёки ҳар икки жазо белгиланиши мумкин.
Расмийлар, шунингдек, Сингапур чегараларини рухсатсиз кесиб ўтган ҳар қандай учувчисиз учоқни йўқ қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
– Дрон парвози жамоат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин, – дея таъкидлайди расмийлар – Биз ҳамма жойда учувчисиз учиш мосламалари аэропорт ишига халақит бериши, контрабанда ёки террор хуружи каби жиноий фаолият мақсадида ишлатилишини кўраяпмиз.