Бугун, 3 декабрь куни Сингапурда шахмат бўйича давом этаётган “Singapore International Open” турнирининг 6-тур баҳслари бўлиб ўтади.
Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Гулдона Каримова қора доналарда хитойлик Зхао Юанде билан, Нодира Нодиржонова қора доналарда сингапурлик Арфан Адитя билан, Барчиной Шокиржонова оқ доналарда сингапурлик Кахая Сатрия Дута билан, Асал Салимова вьетнамлик Асака Самуел билан, Умида Омонова оқ доналарда сингапурлик Сиддархи Саи билан, Маржона Маликова қора доналарда ҳиндистонлик Виван Вижай билан, Нилуфархон Имомқўзиева қора доналарда сингапурлик Чов Мон Бен билан кураш олиб боради.
Кеча ўтказилган 5-тур ўйинларида Гулдона Каримова оқ доналарда ўзи сингари 3 очкога эга мўғулистонлик Сумия Билгуун билан дурангга эришди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Маржона Маликова, Нилуфар Имомқўзиева ва Асал Салимова ҳам рақиблари билан муроса йўлини танлаган бўлса, Нодира Нодиржонова, Барчиной Шокиржонова ва Умида Омонова ортда қолган турда ғалабага эришди.
6-тур ўйинлари остонасида Гулдона Каримова 3,5 очко билан 285 нафар иштирокчи орасида 24-поғонада бормоқда. Нодира Нодиржонова ва Барчиной Шокиржонова ҳисобида 3 очко мавжуд. Шунингдек, шахматчи қизларимиздан Умида Омонова ва Асал Салимова 2,5, Маржона Маликова ва Нилуфархон Имомқўзива ҳисобида 2 очко мавжуд.
34 та давлатнинг маҳоратли шахматчи ёшлари иштирокидаги 9 та турдан иборат мусобақалар 5 декабрга қадар давом этади
Т.Рўзиев,
ЎзА