Сифатсиз ёритгичлар ишлаб чиқарган корхона мансабдор шахсларига жарима қулланилди
Зангиота туманида фаолият юритаётган корхоналардан бирида ўтказилган текширув давомида сифатсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани аниқланди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги назорат инспекциясининг Тошкент вилояти бўлими мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида "M.N.M" масъулияти чекланган жамияти томонидан тайёрланаётган кўча ёритгичлари амалдаги давлат стандартлари ва техник талабларга мутлақо жавоб бермаслиги маълум бўлди.

Аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан корхонанинг стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология масалалари учун масъул бўлган ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари (212-модда 1-қисми ва 213-модда 1-қисми) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шу билан бирга, сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарган корхонанинг мансабдор шахсларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда молиявий жарима чоралари қўлланилган.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА