Сифатсиз ва қалбаки сертификатли ёнғин ўчиргичлар савдоси фош этилди
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Сурхондарё вилояти бўлими томонидан Термиз шаҳрида ўтказилган назорат тадбирлари давомида сифатсиз ҳамда қалбаки ҳужжатлар асосида сотилаётган кўчма ёнғин ўчиргичлар аниқланди.
Маълум қилинишича, Термиз шаҳридаги ЯТТ "N.A.R" савдо нуқтасида реализация қилинаётган кўчма ёнғин ўчиргич маҳсулотидан назорат хариди амалга оширилган.
Маҳсулот аккредитациядан ўтган синов лабораториясида текширилганда унинг сифатсиз ва фойдаланишга яроқсиз экани маълум бўлди. Ўтказилган синовлар натижасида маҳсулотнинг O‘z MSt 631:2025 стандарти талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.
Ўрганишлар давомида ёнғин ўчиргичларда бир қатор жиддий камчиликлар аниқланган. Жумладан, маҳсулот оғирлиги белгиланган меъёрларга мос келмаслиги, каллак ва бошқарув механизмларининг мустаҳкам эмаслиги, ўт ўчирувчи модданинг узатиш давомийлиги талаб даражасида эмаслиги, уни вақтинча тўхтатиб қайта ишга тушириш имконияти мавжуд эмаслиги, оқим узунлиги меъёрларга жавоб бермаслиги ҳамда заряднинг қолдиқ миқдори рухсат этилган кўрсаткичдан юқори экани маълум бўлган.
Шунингдек, текширув давомида мазкур маҳсулотлар қалбаки мувофиқлик сертификати асосида савдога чиқарилгани ҳам фош этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан савдо нуқтасига нисбатан амалдаги қонунчилик талаблари асосида тегишли чоралар кўрилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА