Сифатсиз қурилиш материаллари муомаладан чиқарилди
Қурилиш соҳасида сифат ва хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида назорат тадбирлари изчил давом этмоқда. Ана шундай текширувлардан бири Қашқадарё вилоятида ўтказилиб, қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, Қашқадарё вилояти, Косон туманида қурилиш жараёнида фойдаланилаётган сифатсиз маҳсулотлар фош этилди ва белгиланган тартибда муомаладан қайтарилди ҳамда утилизация қилинди.
Аниқланишича, сопол ғишт ишлаб чиқаришга ихтисослашган “B.B.Q” МЧЖ (номи ўзгартирилган) томонидан давлат буюртмаси асосида барпо этилаётган кўп қаватли иншоот учун меъёрий ҳужжатларга жавоб бермайдиган 7500 дона сопол ғишт етказиб берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан жамиятга номутаносиб маҳсулотларни муомаладан қайтариб олиш ва уларни утилизация қилиш бўйича тақдимнома киритилди.
Шундан сўнг тадбиркорлик субъекти, назорат органлари шунингдек, Экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари иштирокида маҳсулотлар Косон тумани чиқинди полигонида утилизация қилинди.
Мутахассислар томонидан ишлаб чиқарувчи корхонага келгусида меъёрий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этиш зарурлиги таъкидланиб, акс ҳолда қонунчиликка мувофиқ қатъий чоралар кўрилиши юзасидан огоҳлантирилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА