Сифатли уруғ – келгуси йилги мўл ҳосил дегани
Жиззах вилоятида келгуси йил ҳосили учун 108 минг 932 гектар сувли майдонга кузги бошоқли дон экинларини экиш режалаштирилган бўлиб, шу кунгача 3 минг 338 гектар майдонга барака уруғи қадалди.
Деҳқон тақвимига кўра “Асад” поёнига етиб, “Сумбула” кириб келди. Сувлар совиб, ҳарорат ҳам пасайди. Бободеҳқонларимиз келгуси йил ҳосили учун кузги уруғлик донини тайёрлаб, экиш ишларини бошлаб юборди.
Айни кунларда вилоятда 2023 йил ғалла ҳосили учун жамғарилган уруғлик донни қайта ишлаш, тайёрлаш, дорилаш ва шохобчаларга тарқатиш ишлари изчил амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳудудий бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан келаси йил ҳосили учун экиладиган бошоқли доннинг сифат кўрсаткичлари бўйича белгиланган муддатларда тайёрланиши ва бу ишларни жадаллаштириш, олинган намуналар асосида мувофиқлиги тўғрисида сертификатлаш, сертификатланган уруғликларни шохобчаларга тарқатиш назорат қилиб борилмоқда.
[gallery-8440]
Кузги бошоқли дон экинларини экиш учун 22 минг 835 тоннадан ортиқ уруғлик дон тайёрлаш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги Жиззах вилояти бўйича мавжуд дон корхоналари, кластер ва элита уруғчилик хўжаликларига қарашли цехларда 15 минг тоннадан ортиқ уруғлик дон – тозалаш, саралаш босқичларидан ўтказилиб, шундан 70 фоизга яқини дорилаб, қадоқлаб бўлинди.
“Дўстликдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятидан ташқари деярли барча уруғлик дон ишлаб чиқариш корхоналарининг иши белгиланган режимда боряпти.
– Дўстлик туманида 2023 йил ҳосили учун 15 минг 830 гектар майдонда ғалла етиштириш белгиланиб, ушбу майдонларга экиладиган буғдой “Дўстликдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти қошидаги уруғлик цехи томонидан тайёрланмоқда, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими катта инспектори Жасур Аҳмедов. – Шунингдек, бу ерда тайёрланган уруғлик дон вилоятнинг Арнасой ва Мирзачўл туманларига ҳам етказиб берилади. Ушбу акциядорлик жамиятининг уруғлик дон тайёрлаш режаси, бошқа корхоналарга қараганда салкам 2 баробар кўп, яъни 8 минг 573 тоннадан ортиқни ташкил этади. Лекин бу уруғлик дон тайёрлашда қолоқликни ҳеч томонлама оқламайди.
Бу ерда 4 минг 14 тонна уруғлик ғалла дорилаб, қадоқланди. Қўшни Арнасой ва Мирзачўл туманларидаги уруғлик ғалла тарқатиш шохобчаларига салкам 2 минг тоннага яқин уруғлик дон етказиб берилди.
Қайд этиш жоиз, ушбу жараёнлар доимий назоратга олиниб, ўтказилган мониторинг тадбирларида аниқланган камчиликлар юзасидан фермер хўжаликлари ва корхона раҳбарига 9 та ёзма кўрсатма ва камчиликларни бартараф этиш бўйича огоҳлантирувлар берилган.
– Иш ҳажми кўп, шу сабабдан бироз ортда қоляпмиз, лекин бу режа белгиланган муддатда бажарилмайди, деган хулосани бермайди, – дейди жамиятга қарашли уруғлик дон тайёрлаш цехи мудири Умар Омонов. – Режани белгиланган муддатда бажариш мақсадида “Дўстликдонмаҳсулотлари” АЖга қарашли уруғлик дон тайёрлашга ихтисослашган 2 та цехга қўшимча 34 нафар мавсумий ишчини жалб этганмиз.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА