Сифатли уруғ – барқарор ҳосил гарови
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишончли таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишда сифатли уруғлик базасини шакллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу борада давлатимиз томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонлар соҳада шаффофликни таъминлаш, назорат тизимини кучайтириш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришишга хизмат қилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 7 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларининг сифатини баҳолаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 641-сон қарори 5-иловаси билан тасдиқланган ижроси доирасида 2026 йил ҳосили учун тайёрланган ва импорт қилинган уруғлик чигитларнинг сифати қатъий назоратга олинган.

Мазкур жараёнларда уруғликларни дорилаш, сақлаш, рақамли QR-кодли ёрлиқлаш ҳамда уларнинг экишга яроқлилиги бўйича хулосалар бериш ишлари “Ўзагроинспекция” мутахассислари томонидан изчил амалга оширилмоқда.
“Ўзагроинспекция” қошидаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази давлат муассасаси томонидан жорий йил 26 март ҳолатига кўра, 2026 йил ҳосили учун жами 30 минг тоннадан ортиқ уруғлик чигит намуналари танлаб олиниб, белгиланган тартибда таҳлил қилинган.
Жумладан, 19 минг 236 тонна маҳаллий тайёрланган, 2 минг 743 тонна ўтган йиллардан қолган хорижий ва 8 минг 501 тонна импорт қилинган уруғлик чигитлар давлат стандарти талаблари асосида экишбоплик кўрсаткичлари бўйича синовдан ўтказилди.
Синов жараёнлари замонавий талаблар асосида, очиқлик ва холислик тамойилларига қатъий амал қилинган ҳолда олиб борилмоқда. Натижада 21 минг 717 тонна уруғлик чигит экиш учун яроқли деб топилиб, тегишли хулосалар agrosert.uz ахборот тизими орқали буюртмачиларга тақдим этилди.

Шу билан бирга, 1 минг 6 тонна уруғлик чигит экиш учун яроқсиз деб топилиб, бу ҳақда тегишли хулосалар ва огоҳлантиришлар етказилди. Айни пайтда 7 минг 757 тонна уруғлик намуналари бўйича синов ишлари давом этмоқда.
Қайд этиш жоиз, уруғлик сифати устидан кучайтирилган назорат тизими қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдорликка эришиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда фермер ва деҳқонлар манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Умуман олганда, уруғлик чигитларнинг сифати ва экишбоплигини таъминлашга қаратилган мазкур чора-тадбирлар 2026 йил ҳосили барқарорлигига замин яратиб, мамлакатимиз аграр соҳасининг изчил ривожланишига хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА