Сифатли тиббий хизмат – халқ розилиги кафолати
Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар каби тиббиёт соҳасида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ҳодимлари билан ўтказган очиқ мулоқоти эса том маънода мамлакатимизда тиббиёт тизимини янада юксалтириш йўлидаги муҳим қадам дейиш мумкин.
Чунки мазкур тадбирда юртимизда тиббиётни ривожлантириш борасида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар билан биргаликда, соҳадаги муаммолар, уларнинг ечимлари бўйича таклифлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилди.
Аҳоли орасида нафас олиш тизими касалликларини камайтириш ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш масалалари бугун устуворлик касб этмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани изчил ривожлантириш вазифаси қўйилди.
Ҳусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармойишининг 9-бандида сил ва ўпка касаллигини профилактика қилиш, унга ташхис қўйиш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида, беморларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари иштирокида «Аҳоли орасида нафас олиш тизими касалликларини камайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ва истиқболдаги режалар»мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 февралда “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг ижросига қаратилди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ Фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек мамлакатда барқарор санитария-эпидемиология ҳолатини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни кучайтириш ҳамда мазкур тизим муассасаларининг ресурс салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида,Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мазкур қарорда белгиланган вазифалари ва бу борадаги амалга оширилаётган ишлар ҳолати, истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
— Фтизиатрия ва пульмонология соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож бўлган беморларни замонавий, жаҳон талабларидаги сифат ва стандартлар даражасида диагностика ва даволашни таъминлаш, ривожлантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда, —дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Аҳмаджонова. — Шунга қарамай соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳали талайгина. Биз бу бўйича зарур изланишларни олиб боряпмиз.
Республикада аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ўпканинг носпецефик касалликлари тарқалишининг олдини олиш, барқарор санитария-эпидемиология ҳолатини сақлаб туриш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни кучайтириш, нафас аъзолари тизимининг ташқи нафас функцияларини ўрганиш ҳамда респиратор ёрдам кўрсатиш учун зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, пульмонология бўйича мутахассисларни тайёрлаш ёндошувларини такомиллаштириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Тадбир якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Раҳмонова, ЎзА