Сифатли таълим бериш масаласи нималарга боғлиқ?
Эътибор - эҳтиромга эшик, эъзозга бешик. Бу бежиз эмас. Инсонга эътибор жамиятгa эътибор, миллатга, қолаверса, бутун юртга, халққа эътибор демакдир.
Аҳли донишлардан бири «Эътиборга эътибор нечун», дейишса, «эътиборсиз қолганим учун», деган. Шундай экан, эътиборли инсон доим эҳтиромда бўлади.
Одамларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг муҳим мезони. Давлат раҳбарининг илк президентлик фаолиятини бошлаган пайтдаги дастлабки мақсади худди шу шиорда акс этган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқимизга, Олий мажлисга мурожаатномасини тинглаган киши ҳаракат ва мақсадларнинг ана шу тарафига эътибор қилади.
2023 йилга нисбат бериб «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилинганда, кўпчилик зиёлилар руҳланди. Иккита сўз бирикмасидан таркиб топган йилнинг номланишида улуғ ният - жамиятнинг бугуни ва эртасига дахлдор бўлган мақсадлар акс этган. Йил номидаги иккинчи сўз бирикмаси ҳам биринчиси билан узвий боғлиқ. Қачон халққа эътибор бўлади, қачонки, бизнинг илму таълимда эришган ютуқларимиз сифатли бўлса, яъни, таълим сифатга қурилса, ана шунда натижадорлик ҳақида, самара ҳақида гап бўлади.
Давлатимиз раҳбари республикамиз бўйлаб қайси корхона, қайси ташкилотда бўлмасин, мутасаддилар билан учрашмасин, албатта, учта сўзни такрорлашлари ва талаб этишлари бежиз эмас. Булар - сифат, самара ва натижадорлик. Ҳар бир қилинган ҳаракатнинг натижаси, самараси сифатга боғлиқлиги аён. Демак, Президент ўзи қайта-қайта эътироф этгани каби «Нажот таълимда, нажот билимда, нажот илмда». Шундай экан, жамиятни, халқни улуғ мақсадлар сари олға бошлашнинг бирдан бир йўли - ёш авлодга берилаётган таълим-тарбиянинг сифати билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам «Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир», дейилади Мурожаатномада.
Президент томонидан кўпгина вазирликларни, ташкилотларни қисқартириш ташаббуси ҳам аслида сифат ва самарага эътибор қилиш, ишнинг унумини назарда тутиш билан боғлиқ . Бир карра таълим бериш икки карра таълим олиш эканини унутмаслик зарур. Таълим беришнинг ҳам ўзига хос машаққати, роҳати, муҳим усул ва услублари бор. Билиш бошқа, уни етказиш ва унга амал қилиш бошқа. Чунки илму амал бирликда бўлмаса, самара ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Сифатли таълим масаласи авваламбор, интеллектуал салоҳиятга эга бўлган, замонавий билим, технологиялар билан қуролланган, теран тафаккурли, дунёқараши кенг бўлган муаллимга боғлиқдир.
Ўқитувчи кўп билимга эга бўлса, ахборот технологияларини обдон ўрганганса, хориж сертификатларига эга бўлиб, кўп тилларни билса, ҳатто, бўйи баробар китобу илмий мақолалар ёзган бўлса ҳам, ҳали бу таълимнинг сифати ва самараси дегани эмас. Бу масаланинг бир томони, холос. Чунки таълимнинг сифатли бўлиши учун жаҳон миқёсидаги соҳавий янгиликлар ва билимларни обдон ўрганиш, ҳамкорлик ришталарини боғлаш, етук мутахассис, малакали ўқитувчилар тажрибасини оммалаштириш бадалига бўлиши асосий мақсаддан йироқ эмас.
Тасаввур қилинг, жамоага янги йил муносабати билан ош бериш ниятида таом масаллиқларини келтириш учун бир кишини ёлласак ва асл деҳқон етиштирган маҳсулотлардан келтиришни тайинласак. Барча масаллиқлар - гуруч, пиёз, сабзидан тортиб ёғу гўштигача келтирилса, ошпаз уни тайёрлашга киришса, лекин ош хом-хатала бўлиб қолса, хўш, ким айбдор?
Бозорга бориб келганми, етиштирган деҳқонми, ёки сотганми? Албатта, ошпаз айбдор. Демак, унинг ош тайёрлаш компетентлиги, уқуви ҳали етарли эмас. Ошпаз ҳали тажрибаси ва малакасини ошириши керак. Таъбир жоиз бўлса, ошпазни муаллимга қиёс қилсак, келтирилган масаллиқларни ўқув - услубий қўлланма ва дарсликларга ўхшатиш мумкин.
Ўқитувчининг коммуникатив компетентлик даражаси етарли бўлмаса, яъни нутқ маданияти, тил имкониятларидан ўринли ва унумли фойдалана олмаса, бошқача айтганда, нотиқлик маҳорати етарли бўлмаса, албатта, сифатли таълим талаби юзага чиқмайди. Ишнинг кўзини билиш, деган ибора бу борада бежиз эмас.
Иш фаолиятимиз, тажриба ва кузатувларимиздан шу нарса аниқки, ўқитувчилар етарли билимга эга, лекин улар, фан мавзуини, олинган билим, ўзлаштирилган малака, ҳосил қилинган кўникмани ўқувчи ёки талабанинг онгига сингдириш механизмини - коммуникатив компетенцияни, нутқ маданиятини тўла ва чуқур эгалламаган бўлишади. Натижада бу сифатли таълимнинг самарасига зид бўлган ҳолат сифатида изоҳланади.
Мурожаатномада таълим ҳақида, илмнинг қиймати, олимнинг ўрни, муаллимнинг рутбаси ҳақида эътиборга молик мулоҳазалар билдирилган. Жамиятга эътибор масаласи халқнинг эртаси, сифатли таълим билан боғлиқ деган фикр уқтирилган. Мактабгача таълим, мактаб таълими ўрта-махсус ва олий таълим узвий босқичма-босқич тизимли равишда бўлиши, бири-бирини тўлдирадиган, бойитадиган бўлиши кераклиги таъкидланди.
Шу ўринда айтиш керакки, Президент ўн йил давомида ўқиган ўқувчи наҳотки, иккита хорижий тилни билмайди, ваҳоланки, репетиторга борса бир йилда ўрганяпти, демак, бизни таълим беришимиз кўнгилдагидек эмаслигини уқтирди. Кўпчилик дарсликлар эски усулда эканлиги, бугунги ўқувчини дунёқарашига мос эмаслиги, жаҳон андозаларига мослаб тайёрланмаганлиги ҳам эътироф этилди. Шунингдек, тилнинг ўрни барча фанларда, соҳаларда муҳим аҳамият касб этиши ҳам таъкидланди. «Чет тилларни билиш керак, аммо халқ ўз она тилини билишга мажбур, мажбур, мажбур!» дея куюнчаклик билан қайта-қайта уқтирдилар. Шу ўринда беихтиёр маърифатпарвар адиб Исҳоқхон Ибратнинг ушбу ўгитлари ёдга келади: «Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилларни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат, бу – ватаний ишдир». Айтиш мумкинки, бу ватаний ишгина эмас, балки ватаний ишқдир.
Ўйлаб кўринг, ўқитувчи табиий фанларданми ёки ижтимоий-сиёсий ёхуд гуманитар фанлардан дарс берадими, албатта, тилнинг ифода имкониятларини, нутқ маданиятини тўла эгаллаши шарт.
Акс ҳолда, фаннинг, мавзунинг моҳияти рўёбга чиқмайди. Физик қонуниятларни ҳам, кимёвий реакцияларни ҳам, геометрик аксиома ва теоремаларни ҳам, математик синус - косинусларни ҳам педагог қайси тилда тушунтиради? Албатта, ўз она тилида - давлат тилида тушунтиради. Демак, унда чалами? Фан ҳам, мавзу ҳам чала бўлади.
Хорижий тилни ўрганишга бўлган меҳр ўз она тилига бўлган муҳаббатдан бошланади, чунки тил муқояса этиб ўрганилади. Она тили чалами, ўзга тиллар ҳам чала бўлиши аниқ. Демак, нутқ маҳоратига эга, нутқ хусусиятларини билиб, нутқ техникасига амал қила оладиган, тили бурро, талаффуз меъёри ҳам тафаккур даражаси ҳам аниқ ва тиниқ бўлган мураббийларни дарсга жалб этилиши ва уларнинг риторик маҳоратини ошириш таълимнинг сифати ва самарасига бевосита дахлдор масаладир.
Тарихда Россия императори Пётр I шу хусусда махсус фармон ҳам чиқаргани маълум. «Нутқий нуқсони бор бўлган муаллим гарчи билимли бўлса ҳам, синфга қўйилмасин, чунки болалар тақлидчи бўлишади, унга эргашади».
Ҳар икки гапида бир «так», «значит», «тойс» деб турадиган ўқитувчини тинглаган ўқувчини ғаши келиши аниқ. Ажаб эмаски, унга «Таков Значит Тойсович» деб лақаб қўйиб юборишса! Нутқнинг аниқлиги тафаккур ва талаффузнинг тиниқлигидан, буни асло унутмаслик керак. Қайси соҳада, қайси касбда ишламайлик, қайси фандан дарс бермайлик, авваламбор ҳаммамиз нутқ маданиятини, нотиқлик санъатини яхши эгаллаган бўлишимиз керак. Шундагина ўқувчи бизга эргашади, шундагина у фанимизни севади. Акс ҳолда, унинг бу қулоғидан кириб унисидан чиқиб кетади, бундан эса ҳеч қанақа наф йўқ!
Таълимнинг сифатини таъминлашда нотиқлик санъатининг ўрни бўйича яқинда тажриба ўтказиб кўрдик. Ўзининг 32 соатлик ўқув - амалий дастурига эга бўлган «Нотиқлик санъати академияси»га 4 нафар ўқитувчини чақиртирдик. Улардан икки нафари лицей, икки нафари коллеж ўқитувчилари эди. Уларга беш дақиқалик видеороликни қўйиб бердик ва диққат билан кўриб-кузатганларини гапириб беришини тайинладик. Биринчи ўқитувчи худди антеннаси йўқ телевизорда бижир-бижир тасвир кўргандек таассурот уйғотиб, мужмал гапирди, иккинчиси оқ-қора рангли телевизорда кўргандек фикр берди.
Учинчиси рангли телевизорда кўргандек завқу шавқли таассурот берган бўлса, тўртинчиси худди 3 D, 5 D қилиб ташлади. Шунинг учун ҳам Уилям Уорт «Ўртача ўқитувчи баён қилади, яхши ўқитувчи тушунтиради, машҳур ўқитувчи намойиш қилади, буюк ўқитувчи эса илҳомлантиради», деб бежиз айтмаган эди.
Учинчи ва тўртинчи тоифа ўқитувчиларни тайёрламас эканмиз, олдимизга қўйилган мақсадларни, хусусан, Учинчи Ренессансни тўла амалга ошириш мушкул. Биз таълим тизимининг барча босқичларида педагогларни лингвистик компетенция бўйича тайёрлашимиз керак, чунки таълим олган таълим бера олганидек, тарбиялангангина тарбиялаши мумкин. Ўқитувчининг билими, коммуникатив компетентлиги ва нотиқлик санъати таълимнинг натижадорлиги ва самараси масаласи энг муҳим мезон эканлигини қайд этиб, вазирликларга бир неча бор хатлар ҳам қилдик. Натижа бўлмаганди. Яқиндагина бу фикр қувватланди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг администрацияси раҳбари томонидан бу масала маъқулланди ва ижобий ҳал этилди. Олий таълим вазирлиги тизимида профессор ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича ишларни бошлаб юбордик. Ўқув курсида малакасини ошираётган тингловчилар бунинг нечоғлик зарурлигини идрок этмоқдалар. Тўғри, қисқа муддат ичида нотиқ - педагог бўлиш қийин, унинг учун йиллар керак бўлади. Лекин, ўз устида ишлаш доимий тарзда бўлиши шарт.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўз устида ишлаш авваламбор сўз устида ишлашдан бошланади. Таълимнинг калити – нутқ билан, тарбиянинг калити - хулқ билан эканини англаш муҳим. Нутқий ва хулқий маданиятга эга бўлган инсон комил, авлод баркамол аталиши ўринли. Демак, чинакам нотиқ-ўқитувчи ўзи ёқимли, сўзи юқумли бўлиши, у шунчаки етказувчи эмас, балки ўтказувчи бўлиши керак. Сўзи билан ёндирувчи, фикри билан қондирувчи нисбати ҳам уларга хосу мос либос. Президентимизнинг инсонга эътиборнинг муҳим мезони сифатли таълим билан боғланиб кетишини ва бу ҳар иккала сўз бирикмаси бир-бирини боғлаб тўлдиришини, бу эса жамиятни, мамлакатни, халқни ўз мақсадларига етказишини сезмаслик асло мумкин эмас.
Раҳимбой Жуманиёзов,
Нотиқлик санъати академияси таълим муассасаси раҳбари, профессор