Сиэтлда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Сиэтл шаҳрида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг технологик компаниялари, етакчи университетлари, инвестиция ташкилотлари ва давлат идоралари вакиллари иштирок этди.
30 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Вашингтон штатидаги Бош консулхонасида ташкил этилган тадбир Бош консулхона, Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши, IT Park Uzbekistan ҳамда Жаҳон рақамли технологиялар академияси (WDTA) ҳамкорлигида ўтказилди.
Форум «Seattle AI Week» ҳафталиги доирасида бўлиб, унда технология соҳаси, университетлар, инвестиция ҳамжамияти ва давлат идораларининг қарийб 60 нафар вакили қатнашди. Иштирокчилар орасида Microsoft ва Meta компаниялари мутахассислари, Гарвард, Вашингтон ва Шимоли-Шарқий университетлари вакиллари ҳамда Сиэтл маъмурияти мутасаддилари бор эди.

Муҳокамаларда Ўзбекистон–АҚШ технологик шериклигини кенгайтириш, малакали кадрлар тайёрлаш, стартапларни қўллаб-қувватлаш, инвестициялар жалб этиш ва сунъий интеллект ечимларини амалиётга татбиқ қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси, Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши Котибияти раҳбари Нозима Давлетова мамлакатимизнинг рақамли ривожланиш борасидаги устувор йўналишларини тақдим этди. У икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик ва инвестициявий алоқалар изчил ривожланаётганини таъкидлаб, Кенгашнинг амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш имкониятларига тўхталди.
Бош консул Ахрор Бурханов Ўзбекистоннинг АҚШнинг Тинч океани шимоли-ғарбий минтақаси билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш истиқболларига эътибор қаратди. Технологик компаниялар, университетлар ва тадбиркорлик вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш муҳимлиги қайд этилди.

IT Park Uzbekistan вакили Руслан Яппаров миллий IT экотизимининг ривожланиши ва халқаро ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумот берди. Ёшларни сунъий интеллект йўналишида ўқитиш, ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда маҳаллий стартапларни хорижий бозорларга олиб чиқиш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Форумда, шунингдек, сунъий интеллектдан шаҳар бошқарувида фойдаланиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Сиэтл шаҳрининг технологиялар бўйича бош директори Шеннон Смит муниципал хизматларни такомиллаштириш, қурилиш жараёнларини соддалаштириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишда сунъий интеллектдан фойдаланиш тажрибасини тақдим этди. Сиэтл ва Тошкент ўртасида рақамли шаҳар бошқаруви бўйича тажриба алмашиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Панель муҳокамаларида университетлар ҳузуридаги инновацион марказларни ривожлантириш, стартаплар учун устозлик дастурларини йўлга қўйиш ва бизнес эҳтиёжларига мос мутахассислар тайёрлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги технологиялари, сувни тежаш, тил хизматлари ва имконияти чекланган шахслар учун рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирувчи ечимлар истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида қайд этилди.
Тадбир якунида Ўзбекистоннинг Вашингтон штатидаги Бош консулхонаси ва Жаҳон рақамли технологиялар академияси (WDTA) технологиялар ҳамда сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.

Ҳужжат тажриба алмашиш, университетлар, компаниялар ва давлат муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон иштирокида таълим ташаббуслари ва тажриба лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутади. Унда сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш, киберхавфсизлик ва маълумотларни ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Нозимбек Мардонов, ЎзА