Сиби Жорж: Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида савдо ҳажмини 2030 йилгача беш миллиард долларга етказиш мақсад қилинди
Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди 29–30 август кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.
Ташриф якунлари бўйича ўтказилган матбуот брифингида Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг Ғарб йўналиши бўйича котиби Сиби Жорж эришилган келишувлар ва икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди:
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб, сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзаро ишонч ва манфаатдорликка асосланган муносабатлар янги мазмун билан бойиб, томонларни стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга ундамоқда.
Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди иштирокида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими ўтказилди. Унга кўра, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, рақамли тўлов тизимларини интеграция қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, таълим, илм-фан, маданият, анъанавий тиббиёт, тоғ-кон саноати ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган.
Бу икки мамлакат ўртасидаги алоқалар жадал ривожланаётганини кўрсатади. Томонлар шерикликка стратегик йўналиш бериш ва унинг ижросини мувофиқлаштириш мақсадида Ташқи ишлар вазирлари даражасида махсус механизм ташкил этишга келишиб олдилар.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ташрифнинг устувор йўналишларидан бири бўлди. Айни пайтда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб бир миллиард долларни ташкил этаётган бўлса, уни 2030 йилга қадар беш миллиард долларга етказиш мақсади белгиланди.
Биз савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта имкониятларга эгамиз. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, янги йўналишларни ўзлаштириш ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни кучайтиришдан манфаатдор.
Бу мақсадга эришишда савдодаги мавжуд тўсиқларни камайтириш, банклар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва тўловларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, яқинда Ҳиндистоннинг NPCI International Payments Limited (NIPL), NPCI ва Ўзбекистоннинг HUMO тўлов тизими ўртасида имзоланган келишув алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур келишув икки мамлакатнинг рақамли тўлов тизимларини ўзаро интеграция қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Келишувни келгуси бир йил давомида амалиётга жорий этиш режалаштирилган. Бунинг натижасида Ҳиндистон фуқаролари Ўзбекистонда ўз мамлакатида фойдаланадиган UPI тизимига уланган мобил иловалар орқали тўловларни амалга ошириш имкониятига эга бўладилар. Рақамли трансформация соҳасидаги ҳамкорлик доирасида сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилма йўналишларига ҳам эътибор қаратилади.
Ташриф доирасида геология ва минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми ҳам имзоланди. Ҳужжат муҳим минераллар, жумладан, уран таъминоти соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш учун асос яратади.
Уран етказиб беришнинг узоқ муддатли механизмини шакллантириш бўйича музокараларда сезиларли натижаларга эришдик. Томонлар тегишли келишувни яқин вақт ичида имзолашга тобора яқинлашмоқда. Бу Ҳиндистон ишбилармон доираларининг Ўзбекистон билан мазкур соҳада ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши юқори эканини кўрсатди.
Қишлоқ хўжалигида ҳам уруғчилик, томчилатиб суғориш технологиялари ва боғдорчилик каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда. Қишлоқ хўжалигида уруғ етиштириш, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш ва боғдорчиликни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқяпмиз. Бу борада Ҳиндистон Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари кенгаши (ICAR) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази билан ҳамкорлик қиляпмиз.
Икки давлат раҳбарларининг музокаралари давомида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг “Яшил макон” умуммиллий ташаббуси билан Ҳиндистоннинг “Она учун дарахт эк” ташаббуси ўртасидаги ўхшаш ва муштарак жиҳатлар қайд этилди.
Шу муносабат билан Бош вазир Нарендра Моди Орол денгизи ҳудудини тиклаш ва экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган ишларни қўллаб-қувватлаш учун Ҳиндистон ҳукумати томонидан 1 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратилишини эълон қилди.
Маданий-гуманитар соҳада ҳам қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик университетида Ҳиндистон Маданий алоқалар кенгашининг (ICCR) санскрит тили бўйича кафедрасини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Термиздаги Фаёзтепа ва Қоратепа буддавийлик мерос объектларини консервация ва реставрация қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича ниятлар баённомаси алмашилди.
Таълим, маданият, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва халқлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган бундай ташаббуслар Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада бойитади.
Умуман олганда, ташриф икки мамлакат муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим асос бўлди. Ҳар томонлама стратегик шерикликнинг ўрнатилиши ҳамда савдо-иқтисодий, геология ва минерал ресурслар, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва маданий-гуманитар соҳаларда эришилган келишувлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА