Сиань – Фарғона авиақатновини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳаво қатновларини кенгайтириш, йўловчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги туризм ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорлик изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятида Хитойнинг “Loong Air” авиакомпанияси маркетинг департаменти бош менежери Сяо Вэй бошчилигидаги делегация билан ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиб, мавжуд йўналишларда парвозлар сонини кўпайтириш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш, жумладан, Fast Track хизмати ва юқори даражадаги кутиш заллари имкониятларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, Ўзбекистон аэропортларидаги Duty Free дўконлари операторлари билан қўшма маркетинг лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
Музокараларнинг асосий мавзуси Сиань – Фарғона янги халқаро авиайўналишини очиш бўлди. Томонлар ушбу йўналишнинг тижорий салоҳиятини муҳокама қилиб, Фарғона водийси аҳоли зичлиги, юқори ишбилармонлик фаоллиги ва бой туристик имкониятлари билан мамлакатнинг энг истиқболли ҳудудларидан бири эканини таъкидлади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Фарғона водийсида Хитой сармояси иштирокидаги корхоналар сони ортиб бормоқда. Шу билан бирга, инвестиция лойиҳалари доирасида ҳудудга ташриф буюраётган Хитой фуқаролари ва ишбилармонлар сонининг кўпайиши мазкур йўналишда барқарор йўловчилар оқимини шакллантириш учун мустаҳкам асос яратади.
Учрашув якунларига кўра, томонлар Сиань – Фарғона авиақатновини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, Тошкент ва Самарқанд йўналишларида амалга оширилаётган мавжуд рейслар сонини янада ошириш юзасидан ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Маълумот учун, “Loong Air” Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида жойлашган авиакомпания бўлиб, ички ва халқаро йўловчи ташувларини амалга оширади. Айни пайтда авиакомпания Ўзбекистонга Сиань – Тошкент, Чэнду – Тошкент ва Сиань – Самарқанд йўналишлари бўйича ҳафтасига тўққизта мунтазам рейсни бажармоқда. Янги Сиань – Фарғона йўналишининг очилиши эса икки мамлакат ўртасидаги транспорт, савдо, инвестиция ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА