СИ Хитой экспортини рекорд даражага олиб чиқди
Сунъий интеллект технологияларига бўлган жаҳон талаби ХХР экспортини яна жадал суръатларда ўсишига туртки берди. Мамлакат Божхона бошқармаси маълумотига кўра, июнь ойида экспорт ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга ошган.
Таҳлилчиларнинг қайд этишича, ўсишга энг катта ҳиссани яримўтказгичлар ва юқори технологияли маҳсулотларга талабнинг ортиши қўшган. “Capital Economics” тадқиқот маркази эксперти Жулиан Эванс-Притчарднинг фикрича, сунъий интеллект соҳаси глобал микрочиплар нархини оширди ва бу Хитой ташқи савдосидаги ўсишни янада тезлаштирди. Унинг таъкидлашича, ҳатто шу омилни ҳисобга олмаганда ҳам ХХР маҳсулотларига ташқи бозорларда талаб юқорилигича қолмоқда.
Жорий йилнинг июнь ойида импорт ҳам 36 фоизга ўсган. Мутахассислар бунга Яқин Шарқдаги можаролар туфайли энергия ва импорт маҳсулотлари қимматлашгани таъсир кўрсатганини айтмоқда. Натижада мамлакатнинг ташқи савдо профицити 125,6 миллиард долларга етди.
Экспорт ўсишида айниқса электромобиллар, микрочиплар ва бошқа юқори технологияли маҳсулотлар етакчилик қилди. Шу билан бирга, Хитой компаниялари АҚШ ва Европа бозорларидаги тариф чекловларини четлаб ўтиш мақсадида ишлаб чиқариш қувватларини бошқа мамлакатларга кўчиришни ҳам давом эттирмоқда.
Экспертлар фикрича, экспорт ўсиши ҳозирча сақланиб қолади, бироқ унинг суръати келгусида жаҳон бозоридаги талаб ва савдо чекловларига боғлиқ бўлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА