Си Цзиньпин 100 минг нафар ёш америкаликни Хитойга таклиф қилди
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин мамлакат ва АҚШ ўртасидаги ёшлар алмашинувини кенгайтириш мақсадида келгуси беш йил давомида 100 минг нафар ёш америкаликни Хитойга таклиф қилиш ташаббусини илгари сурди.
Мазкур ташаббус 24 сентябрь куни Си Цзиньпиннинг АҚШга давлат ташрифи доирасида Вашингтондаги Оқ уйда ўтказилган расмий кутиб олиш маросимида эълон қилинди.
Бу Хитой раҳбарининг икки мамлакат ёшлари ўртасидаги таълим ва маданий алмашинувларга оид аввалги ташаббусининг давоми ҳисобланади. 2023 йил ноябрь ойида Сан-Францискода Си Цзиньпин беш йил давомида 50 минг нафар ёш америкаликни Хитойга ўқиш ва турли алмашинув дастурларида иштирок этиш учун таклиф қилишини маълум қилган эди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ушбу кўрсаткич 2026 йил май ойига келиб бажарилган ва белгиланган муддатдан икки ярим йил олдин 50 минг нафардан зиёд америкалик ёш Хитойга ташриф буюрган.
Янги ташаббус икки мамлакат ёшлари ўртасида таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтиришни назарда тутади. Хитой раҳбари Оқ уйдаги нутқида Хитой – АҚШ муносабатларининг келажаги ёшлар билан боғлиқ эканини таъкидлади.
Хитой – АҚШ ёшлар алмашинуви сўнгги йилларда турли таълим ва маданий дастурлар орқали ривожланиб келмоқда. Жумладан, 2024 йилда Си Цзиньпин АҚШнинг Айова штатидаги Маскатин шаҳри ўқувчиларига йўллаган жавоб хатида америкалик ёшларнинг Хитойга ташрифларини давом эттириш муҳимлигини қайд этган.

Шунингдек, Си Цзиньпиннинг 2026 йил май ойида Хитой ва АҚШ ёшларига йўллаган жавоб хатида 2023 йилги ташаббус доирасида 50 мингдан зиёд америкалик ёш Хитойга боргани, бундай алмашинувлар ўзаро мулоқот ва тушунишни кенгайтиришга хизмат қилаётгани таъкидланган.
Си Цзиньпиннинг 100 минг нафар ёш америкаликни Хитойга таклиф қилиш ҳақидаги янги ташаббуси икки мамлакат раҳбарларининг Вашингтондаги учрашувлари доирасида маълум қилинди. Хитой раҳбарининг АҚШга давлат ташрифи 23-25 сентябрь кунларига режалаштирилган бўлиб, ташриф давомида икки томонлама муносабатларнинг турли йўналишлари муҳокама қилинмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА