Швеция давлат хизматчиларига "ChatGPT" ва "Claude"дан фойдаланишни чеклади
Давлат хизматчилари "ChatGPT" ва "Claude"га киритган махфий маълумотлар сунъий интеллект моделларини ўқитиш учун сақланиб қолиши мумкин. Ана шу хавотир Швеция ҳукуматини 26 октябрдан хизмат компьютерларида ушбу платформаларнинг браузер версияларидан фойдаланишни тақиқлашга ундади.
Қарорга давлат идораларида сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича ўтказилган текширув ҳам сабаб бўлган. Хусусан, Швеция Транспорт бошқармасида хизмат вазифаларини бажаришда бундай платформалардан муаммоли фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Ҳукуматнинг рақамлаштириш бўйича директори Михаил Веттеркранц тегишли хавфсизлик келишувларисиз ишлайдиган воситалар ахборот хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигини билдирган.
Швеция сунъий интеллектдан фойдаланишни бутунлай тўхтатмоқчи эмас: хавфсизлик текширувидан ўтган “Microsoft Copilot” муқобил восита сифатида тавсия қилинмоқда. Айрим ходимлар “ChatGPT” ва “Claude”дан давлат идоралари ишлаб чиққан махсус платформа орқали фойдаланишда давом этиши мумкин. Шунга ўхшаш чекловлар ўлкадаги Солиқ агентлиги ва муассасавий парвариш бўйича миллий кенгашда ҳам жорий этилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА