Шуманайда камбағалликни қисқартириш борасидаги вазифалар ўрганилди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда ҳудудларда натижадорликни ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш борасида Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб давлатимиз раҳбарининг “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, ҳудудда барқарор ва юқори даромадли иш ўринларини яратиш, лойиҳавий ёндашув асосида маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш ва ҳудуднинг солиштирма устунликларини аниқлаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
[gallery-31271]
Таъкидланганидек, мазкур қарор ижросини таъминлаш доирасида туманда жорий йилда 6 минг 877 та доимий ва мавсумий, шу жумладан Инвестиция дастурлари бўйича 109 та, хизмат кўрсатиш ва сервис лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 282 та, қишлоқ хўжалигига 365 та, қурилиш ва коммунал соҳа бўйича 30 та доимий янги иш ўрнини яратиш белгиланган. 2026 йилнинг шу даврига қадар тижорат банклари томонидан Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 1 минг 53 нафар фуқарога жами 19 миллиард 379 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилди.
Шунингдек, “Сайхунобод тажрибаси” асосида аҳоли томорқаларида бўш турган ерлардан оқилона фойдаланиш, чорвачилик, қуёнчилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа йўналишларга жалб қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 4 миллиард 100 миллион сўмлик 82 лойиҳа ишга туширилди. Бунинг натижасида 200 нафардан ортиқ ишсиз фуқаро тадбиркорликка йўналтирилиб, уларнинг бандлиги таъминланишига эришилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ташаббуси билан ишсиз фуқароларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишида банд қилиш мақсадида 152 нафар фуқарога 190 та асбоб-ускуна олиб берилди.
Шу билан бирга чорвачиликни ривожлантириш йўналишида 474 бош наслли қўй олиб келиниб, аҳолига имтиёзли кредит ҳисобидан тарқатилди. Бугунги кунда наслли моллар олиб келиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш борасида ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш учун овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди.
Иштирокчилар “Ақ жап” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлиб, Аймурза Жақсимуратовнинг чорвачилик, хусусан, қўй боқиш ва уларнинг сонини кўпайтириш билан шуғулланиш жараёнларини кўздан кечирди.
Мўғулистондан олиб келинган 28 бош наслли қўй тадбиркор томонидан сотиб олинган. Бу ишни йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида 98 миллион сўм миқдорида 12 фоизлик имтиёзли кредит маблағи ажратилган. Лойиҳа орқали оиланинг даромадини ошириш, чорва молларини кўпайтириш ва келгусида қўшимча иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
“Айбўйир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ихлос Темирхоновга ҳам ҳоким ёрдамчиси кўмагида нон ва нон маҳсулотларини тайёрлаш учун банкдан имтиёзли 100 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган. Айни пайтда тадбиркор томонидан аҳоли буюртмалари қабул қилиниб, уларга сифатли нон ва нон маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
“Деҳқонобод” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Шуҳрат Ўразимбетов томонидан уй шароитида термопанел ишлаб чиқариш йўналишидаги лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳани йўлга қўйиш мақсадида унга банк томонидан 98 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилган.
Ушбу фаолиятни ривожлантириш орқали қурилиш соҳасида талаб юқори бўлган маҳсулотларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш, аҳолига хизмат кўрсатиш ва қўшимча даромад манбаларини яратиш кўзда тутилган. У Наманган вилоятида бўлиб, термопанел ишлаб чиқаришни ўрганиб келган ва ҳозирги кунда фарзандлари билан биргаликда аҳолига хизмат кўрсатиш орқали оиласига даромад киритмоқда.
“Мунчоқли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Гулжаҳон Жаниева томонидан уй шароитида болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилган. Бунинг учун унга 6 миллион сўм миқдорида субсидия берилди. Ҳозирги вақтда болалар боғчалари, умумтаълим мактаблари ва фуқароларнинг буюртмаси асосида турли ўйинчоқларни ясаб, етказиб бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жойларда оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган ўзини ўзи банд қилган шахсларга берилаётган имтиёзлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари