Шукроналик ва хурсандчилик ифодаси
Бугун бутун дунё мусулмонлари қатори Ўзбекистон аҳли ҳам меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми – муборак Рамазон ҳайитини зўр шоду хуррамлик ва шукроналик кайфиятида нишонламоқда. Хусусан, эрта саҳарда Наманган вилоятидаги 186 та масжидда ҳайит намозлари эмин-эркин адо этилди.
Айниқса, коронавирус пандемияси хавфи тўлиқ бартараф бўлмаган бир кезда ҳайит намози очиқ жойда, карантин талабларига риоя қилган ҳолда ўқилди. Бунинг учун масжидлар жамоаси, санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати, ҳуқуқ тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари ходимлари томонидан қулай шароитлар яратилди.
Барча масжидларда дизенфекция ишлари амалга оширилди. Намозхонлар тана ҳарорати пирометр орқали ўлчанган ва антисептик воситалар билан дизенфекцияланган ҳолда тиббий ниқоб билан киришлари таъминланди. Ижтимоий масофа сақланишига алоҳида эътибор қаратилди.
Ёши улуғлар виждон ва эътиқод эркинлигининг қадрига етиш ҳар биримиз учун муқаддас бурч эканини таъкидлади.

Чортоқ тумани марказидан 50 километр олис манзилда жойлашган Балиқкўл маҳалласида диний маросим байрамона руҳда, одамларнинг хурсандчилиги билан ташкил этилди. Бу гўшада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан халқимизнинг бой ва қадимий диний-маънавий меросини тиклаш ва фаол тарғиб этиш, буюк аждодларимизнинг табаррук қадамжоларини обод қилиш бўйича салмоқли ишлар бажарилди. Ўз даврининг етук алломаси, тасаввуф таълимотининг йирик вакили Султон Увайс Қараний номи билан аталадиган ёдгорлик мажмуаси бунёд этилди. Ушбу зиёратгоҳ бугунги кунда нафақат юртимиз балки, яқин қўшни ва хорижий давлатлардан келаётган меҳмонлар учун қутлуғ туризм масканига айланди.
“Султон Увайс Қараний” жоме масжиди имом хатиби Баҳодирхон Мавлонов тоат-ибодатга ошиққан 1 минг 300 нафардан зиёд ҳамюртимизга юртимизда улуғ алломаларимизнинг бой илмий ва маънавий меросини тарғиб этиш, фуқароларнинг эътиқод эркинлиги таъминланаётганини қайд этди.
– Шундай дориломон кунларга етказганига минг шукр, – дейди маҳалланинг фаол фахрийси Исроилжон Тиллахўжаев. – Бир вақтлар Ҳайит кунларини байрам қилиш ҳақида ўйлаш тугул, ҳатто масжидларга ҳам хотиржам боролмасдик. Ҳайит кунлари байрам ва алоҳида қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланди. Давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан, билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 100 нафар маҳкум афв этилгани чинакам меҳр-мурувват ва бағрикенглик ифодаси бўлди.
“Савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак”, деган эзгу қадриятдан келиб чиққан ҳолда маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида хайру саховат, меҳру мурувватга йўғрилган савобли ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Балиқкўл” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Усмонхўжа Бувахонов бошчилигидаги фаоллар ва масжид маъмурияти ҳудудда истиқомат қилувчи кам таъминланган, бемор, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз ва ногиронлиги бор кишилар ҳолидан хабар олиб, уларга шодлик улашди.
Хусусан, “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган 10 нафар хотин-қиз ва шунча ногиронлиги бор кексаларга 500 минг сўмдан ҳайитлик пуллари тарқатилди. “Ёшлар дафтари”га кирган ёшларнинг анча вақтдан бери ҳал бўлмаётган кўплаб муаммолари ижобий ҳал этилди.
Масалан, Иқболой Сайфиддинова учун “Балиқкўл” кўчасидаги дала шийпонидаги нотурар жой турар жой сифатида ҳужжатлаштирилиб, истиқомат қилишига шароит яратилди. Уй учун ижара тўловига доимий моддий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
Шу кўчадан яна бир ёш Мирзоҳид Нўъмоновга кредит асосида ширинлик ишлаб чиқариш дастгоҳи олишига амалий ёрдам кўрсатилди. “Оқтепа” кўчасида яшовчи, боқувчисини йўқотган Мухлиса Машарипованинг хонадони кадастр ҳужжатлари қайта расмийлаштириб берилди.
Рамазон ҳайити халқимиз маънавий ҳаёти, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ажралмас бир қисми бўлган, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини яққол ифода этадиган ҳайитни муносиб нишонлаш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак инсоний фазилатларни камол топтиришга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА