Шуҳрат Орипов кекса журналистлар хонадонида бўлди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов Сурхондарё вилоятида бўлиб, узоқ йиллар оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилиб, нафақага чиққан фахрий журналистлар хонадонларида бўлди.
Уюшма раҳбари дастлаб Термиз шаҳрида яшайдиган, ҳаётининг энг кучга тўлган йилларини вилоят “Сурхон тонги” газетасида ўтказган ва мустақиллик йиллари “Халқ йўли” газетасида ишлаган нафақадаги Ёқубжон Норбоевдан ҳол-аҳвол сўради. Кекса журналист газетага ишга келган йиллари, меҳнат фаолияти ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг яқин ўтмишдаги машаққатли меҳнати ҳақида сўзлаб берди. Ҳозирги даврда яратилган замонавий шароитлар фахрий журналистда ўзгача ҳавас уйғотаётганини фахр билан тилга олди.


Шуҳрат Орипов кўп йиллар вилоят телерадиоси ва “Сурхон тонги” газетасида ишлаган Тожигул Давронова хонадонидаги суҳбат ҳам қизиқарли хотираларга бой бўлди. Фахрий журналистларга эсдалик совғалари топширилди.

Кутилмаганда пойтахтдан меҳмон кутган меҳнат фахрийлари уюшма раҳбарига кекса журналистлардан хабар олиб, хонадонларида бўлгани ва иззат-икром кўрсатиб, бир олам қувонч улашгани учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири