Сурхондарё вилоятида Зулфия номидаги давлат мукофоти учун талабгорларнинг туман ва шаҳар саралаш босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Танловнинг Шўрчи туманида ўтказилган саралаш босқичида 58 нафар иқтидорли қиз қатнашиб, фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ҳамда жамоатчилик фаолияти бўйича ўз маҳорати, билим ва истеъдодини кенг намоён этди.
Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги фаоллигини янада ошириш ва уларнинг ноёб қобилиятларини рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган мазкур мукофот ижтимоий фаоллиги ҳамда истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшга тўлган, 30 ёшдан ошмаган хотин-қизларга ўқиш ва меҳнат фаолиятидаги ютуқлари учун берилади.
Жорий йилда ҳам нуфузли танловнинг туман босқичида йўналишлар бўйича ғолиб бўлган иштирокчилар эсдалик совғалар билан тақдирланиб, вилоят босқичига йўлланма олди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири