Шоир хотираси ёдга олинди
Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф майдонида “Шоир хотираси ҳамиша қалбимизда” деб номланган адабий кеча бўлиб ўтди.
Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги умумтаълим мактабларида Ўзбекистон халқ шоири, ватан куйчиси Муҳаммад Юсуф таваллуд куни олдидан унинг ижодини кенг тарғиб қилиш, она Ватан, меҳр-оқибат мавзусидаги шеърлари орқали ёш авлод қалбида она юртга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида қатор адабий, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари томонидан Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф майдонида бир неча кундан буён ҳар оқшом навбат билан адабий кечалар ташкил этилмоқда.
Мен дунёни нима қилдим
Ўзинг ёруғ жаҳоним.
Ўзимга хон, ўзим султон,
Сен тахти сулаймоним.
Ёлғизим, ягонам дейми,
Топинган кошонам дейми?
Ўзинг менинг улуғлардан,
Улуғимсан, Ватаним!..
Ана шу шеърий сатрлар билан бошланган “Шоир хотираси ҳамиша қалбимизда” деб номланган навбатдаги адабий тадбир Андижон тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактаблари директорлари ҳамда педагог-ходимлари томонидан ташкил этилди.
Адабиёт мухлислари, ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этган тадбирда шоирнинг ҳаёти, ижоди яна бир бор ёдга олинди, шоирнинг юксак инсоний фазилатлари, шеъриятининг ўзига хос жиҳатлари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Таълим тизими ходимлари томонидан шоир қаламига мансуб шеърлар ўқилди, Муҳаммад Юсуф шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди.
Мазкур тадбир иштирокчиларнинг адабиёт, шеъриятга бўлган қизиқиши, шоир ижоди ҳақидаги тасаввурларини бойитиш билан бирга, қалбларида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА