"Шоҳсултон сулоласи" болажонлар ихтиёрида
Андижон вилояти Бўстон туманидаги "Тафаккур" маҳалласида “Шоҳсултон сулоласи” деб номланган 100 ўринли давлат хусусий шерикчилик асосидаги янги мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Вилоят ҳокимлиги томонида тадбиркор Шарофатхон Мирзакаримовага “ноль” қийматда ажратиб берилган фойдаланилмай турган бино ўрнида қад ростлаган мазкур мактабгача таълим ташкилоти қурилиши учун тадбиркорнинг ўз маблағи ҳамда банкдан олинган кредит ҳисобидан қарийб 3 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Замонавий қиёфага эга ушбу муассасада болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Муассасада мусиқа, спорт, гимнастика, инглиз, рус тиллари тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Мазкур мактабгача таълим ташкилотининг ишга тушиши билан 25 та янги иш ўрни яратилди.

– Айни кунда Бўстон туманида 27 давлат, 5 та нодавлат, шунингдек, 34 та уй боғча фаолият кўрсатмоқда, – дейди Бўстон тумани мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Мавлудахон Собирова. – Умуман, Бўстон туманида болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 75 фоизга етказилган.
Жорий йил давомида туманда яна бир нечта болалар тарбия масканларининг ишга туширилиши кўзда тутилган.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА