Шофиркон тумани юқори хавфли ҳудуд сифатида карантинга олинган
Карантин эълон қилинган кундан бошлаб Бухоро вилоятида 442 нафар бемор аниқланганди.
Карантин эълон қилинган кундан бошлаб Бухоро вилоятида 442 нафар бемор аниқланганди. Жорий йилнинг 22 май куни барча беморлар тузалиб, оилалари бағрига қайтган ва вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланганди.
2020 йил 27 май соат 23:30 ҳолатига кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 7 нафари Бухоро вилоятида аҳоли орасида (Шофиркон туманидаги битта оила аъзолари) аниқланган.
Уларнинг барчаси ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган бўлиб, белгиланган тартибда даволаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу беморлар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар уй карантинига олинган.
Мазкур ҳолат вилоятга коронавирус инфекцияси қайтганини кўрсатганди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича туман штабидан олинган маълумотга кўра, вирус аниқланган фуқаролар билан мулоқотда бўлган 80 та хонадонда яшовчи 268 нафар фуқаро уй карантинига олинган. Бу хонадонларга кириш-чиқишни назорат қилиш учун жами 26 нафар, шундан 15 нафар ички ишлар бўлими ва 11 нафар Миллий гвардия ходими жалб этилган. Ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан қўриқлашга олинган хонадонлар назоратга олиниб, кечаю кундуз қўриқланиб келинмоқда.
Туманнинг «Тезгузар», «Калон», «Доригар», «Саволик» ва «Регион» қишлоқлари ҳамда Х.Ориф МФЙ М.Ашрафий кўчасига кириш - чиқиш йўллари ҳамда умумий вазият тўлиқ назоратга олинган.
28-30 май кунлари давомида туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан карантинга олинган ҳудудларда зарарсизлантирувчи эритма пурковчи 4 та 600 литр ҳажмли ОДН трактори ва ИИБнинг 1 дона махсус «Водомёт» машинаси ёрдамида 1365 та хонадонда зарарсизлантириш ишлари олиб борилган.

Туманнинг Вобкент, Ғиждувон ва Пешку туманлари билан чегара ҳудудларидан ҳамда туман марказига кирувчи йўлларда ҳаракатланувчи автотранспорт воситаларини дезинфекция қилувчи дизбардёрлар ўрнатилган.
Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида бугун яна карантинда бўлган фуқаролар орасида 4 нафар коронавирус инфекцияси билан касалланганлар аниқланган.
Шофиркон туманида коронавирус инфекциясига чалинган беморлар аниқланганлиги сабабли, эпидемияга қарши кураш талабларидан келиб чиқиб, вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур туманни «яшил» ҳудуддан «қизил» ҳудудга, Навоий вилоятида ҳам касаллик ўчоғи мавжудлигини инобатга олиб унга ёндош бўлган Ғиждувон ҳамда Когон туманларини «яшил» ҳудуддан «сариқ» ҳудудга ўтказилиши юзасидан таклиф киритилди.
Айни вақтда вилоят ҳудудлари Шофиркон тумани қизил, юқори хавфли, Когон, Ғиждувон туманлари сариқ, ўрта хавфли бўлса, қолган 10 та ҳудуд яшил яъни хавфсиз ҳудуд сифатида қайд этилган.