Шижоат ва ғайрат соҳиблари беллашди
Сирдарё вилоятида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш ва ҳарбий хизматга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Сирдарё вилоятида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш ва ҳарбий хизматга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди.


Мирзаобод туманидаги Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ихтисослаштирилган ўқув марказида бўлиб ўтган мусобақада шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган ёшлар жамоалари иштирок этди. Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ёшлар ишлари бошқармаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси, Мудофаа ишлари ва Спорт бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбир ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.


Мусобақа иштирокчилари олти шарт бўйича беллашиб, жисмоний тайёргарлик, ҳарбий-амалий кўникмалар, аниқлик, чаққонлик ва жамоавий ҳамжиҳатлик борасидаги маҳоратларини намоён этишди. Ҳар бир шарт малакали ҳакамлар томонидан баҳоланиб, иштирокчиларнинг тайёргарлик даражаси ва маҳоратига муносиб баҳо берилди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар натижасида Мирзаобод тумани жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Сирдарё тумани жамоаси иккинчи, Оқолтин тумани жамоаси эса учинчи ўрин соҳибига айланди.


Мусобақа доирасида бир қатор махсус номинациялар ҳам эълон қилинди. Оқолтинлик Сарварбек Анварбеков “Энг кучли спортчи”, Самандар Бебитов “Энг чаққон ўсмир” деб топилди. Сирдарё туманидан Лайло Шавкатова “Энг чаққон қиз”, Холида Мўминқулова “Энг яхши қуролсоз” номинациялари ғолиби бўлди. Гулистон туманидан мусобақага келган Озодбек Зиёдуллаев эса “Энг кучли мерган” сифатида эътироф этилди.
Тақдирлаш маросимида Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Мавлонбердиев иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди. Биринчи ўринни эгаллаган жамоага республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланма ҳам тақдим этилди.




Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА