Шинжон тажрибаси Ўзбекистон сув хўжалигига нима беради?
Сув ресурсларини тежамкор бошқариш, суғориш жараёнларини рақамлаштириш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш - бугун сув хўжалиги олдида турган муҳим вазифалардан. Ўзбекистон сув хўжалиги тизимида фаолият юритаётган аёл мутахассислар Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районига ўқув-танишув сафари давомида ана шу йўналишлардаги илғор тажрибаларни ўрганди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимида фаолият юритаётган аёл ходимлардан иборат делегациянинг беш кунлик ташрифи Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги ПҚ-47-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди. Мазкур қарорда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича мутахассислар малакасини Хитойнинг Шинжон тажрибаси асосида ошириш вазифаси белгиланган.

Ташриф давомида делегация аъзолари сув тежовчи технологиялар, интеллектуал суғориш, сув ресурсларини рақамли мониторинг қилиш ва бошқариш бўйича амалий ечимлар билан танишди. Шунингдек, сув хўжалигида аёлларнинг касбий ривожланиши ва етакчилик салоҳиятини ошириш бўйича Хитой тажрибаси ўрганилди.
Шинжон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясида аниқ ва интеллектуал суғоришга мўлжалланган замонавий технологиялар намойиш этилди. Қишлоқ хўжалиги объектларида автоматлаштирилган насос станциялари, сувни фильтрлаш ва суғориш жараёнини бошқариш тизимлари ишлаш тамойили кўрсатиб берилди.
Айниқса, қарийб 2 720 гектар қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришни таъминлайдиган марказлаштирилган фильтрлаш тизими делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Ушбу ечим сувни тозалаш, уни самарали тақсимлаш ва суғориш жараёнини аниқ бошқариш имконини беради.

Шихэцзи шаҳрида эса сув омборларини рақамли мониторинг қилиш тизимлари, сенсор технологиялар, суғоришни автоматлаштирилган тарзда бошқариш ва интеллектуал фильтрлаш ечимлари ўрганилди. Бу технологиялар сувдан фойдаланишни назорат қилиш, жараёнларни тезкор бошқариш ва ресурслар сарфини оптималлаштириш имконини бериши билан аҳамиятли.
Ташрифнинг яна бир муҳим йўналиши сув хўжалигида аёлларнинг ролини кучайтириш бўлди. Хитойлик соҳа вакиллари билан мулоқотларда аёлларнинг техник компетенцияларини ошириш, бошқарувдаги иштирокини кенгайтириш ва профессионал алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, Шинжон тажрибаси Ўзбекистон учун сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича амалий аҳамиятга эга. Ташриф давомида олинган билим ва амалий кўникмалар сув ресурсларини самарали бошқариш, замонавий сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва рақамли ечимлардан кенг фойдаланиш учун янги имкониятлар яратади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА