Шимолий Корея Япония томон яна бир баллистик ракета учирди
“Kyodo” агентлиги Япония Мудофаа вазирлигига таяниб хабар беришича, снаряд мамлакатнинг махсус иқтисодий ҳудудидан ташқарига тушган.
Манбаларга кўра, ҳудуддаги кема ва самолётларга ҳеч қандай зарар етмаган. Шунга қарамай, Соҳил хавфсизлик хизмати минтақадаги кемаларни эҳтиёткорликни ошириш ва ракета қолдиғи аниқланса, дарҳол тегишли идораларга хабар беришга чақирди.
Жанубий Корея Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси ҳам шарқий йўналишда номаълум снаряд учирилганини тасдиқлади. Бу сўнгги ҳафта ичидаги иккинчи ракета синови: ўтган пайшанба куни ҳам Пхеньян кун чиқар юрт томон яқин масофага учадиган ракета йўллаган эди. Ҳозирги ҳаракат келаси ҳафта ўтказилиши режалаштирилган АҚШ ва Жанубий Корея қўшма ҳарбий машғулотига жавоб сифатида баҳоланган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА