
Бугунги кунда тиббий чиқиндилар жуда кўп даражада ҳосил бўлмоқда. Аммо тиббий чиқиндиларни маиший чиқиндиларга аралаштириб бўлмайди. Чунки уларнинг таъсирида сув, ҳаво, тупроқ, озиқ-овқат маҳсулотлари ифлосланиши мумкин. Бу эса аҳоли орасида инфекцион ва ноинфекцион касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлади.
Ўткир экологик муаммолар орасида чиқинди масаласи ҳам долзарблашиб бораётган бир пайтда чиқиндиларни саралаш, утилизация қилиш ва белгиланган меъёрлар даражасида ташиш кабиларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу жараён эса тиббиёт чиқиндиларига алоҳида ёндашувни талаб этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жавлон Абдуллаев Фарғона вилоятида олиб борган ўрганишлари давомида Бувайда тумани марказий шифохонаси ҳовлисида тиббий чиқиндилар ойлар давомида йиғилиб қолганининг гувоҳи бўлди.
Депутатнинг сўзларига кўра, касалхона орқа ҳовлисига кўмиб келинаётган бу чиқиндилар нафақат санитария қоидаларига зид, балки аҳоли саломатлигига ҳам жиддий зарар етказиши, қайтариб бўлмайдиган касалликларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин.
Амалдаги санитария қоидаларига кўра, тиббий чиқиндилар махсус полигонларга олиб кетилиб, зарарсизлантирилиши шарт. Аммо тумандаги вазият ачинарли аҳволда.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Жавлон Абдуллаев Соғлиқни сақлаш ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликларига мазкур муаммо юзасидан депутатлик сўровини юборди.
Сўровда бир қатор саволларга асослантирилган тушунтириш бериш сўралган:
• Фарғона вилояти Бувайда туманидаги шифохонада чиқиндилар белгиланган санитария қоидаларига мувофиқ йўқ қилиняптими? Агар шундай бўлса, нега улар шифохона атрофида тўпланиб ётибди?
• Барча тиббиёт муассасаларида чиқиндиларни ташиш ва зарарсизлантириш тизими йўлга қўйилганми?
• Санитар-эпидемиологик хизмат томонидан тиббий чиқиндилар бўйича амалдаги ҳолат бутун республика бўйлаб ўрганилганми ва қонунбузарликларга қандай чоралар кўрилмоқда?
• Тиббий чиқиндилар мониторинги қай тарзда амалга оширилмоқда ва тизимни яхшилаш бўйича қандай таклифлар мавжуд?
Депутат сўровида шу каби саволлар акс этган бўлиб, бу нафақат Бувайдадаги ҳолат, балки бутун республика тиббиёт муассасаларидаги тиббий чиқиндилар масаласи билан боғлиқ. Зеро, бу каби масканларда ҳар куни турли тиббий муолажалар ӯтказилади, турли таҳлиллар олинади, укол қилинади ёки операциялар бажарилади. Демак, тиббиёт чиқиндиларининг эпидемиолик хавфи ҳам юқори. Шундай экан, бу масалаларга жиддий эътибор қаратиш лозим бўлади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА