Шифокорлар бемор ҳузурига борди
Самарканд давлат тиббиёт университети ихтисослашган болалар хирургик клиникаси мутахассислари туманларга бориб, болаларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, беморларни аниқлаш ва уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган навбатдаги кўрик Тойлоқ туманида бўлди.


Клиника бош шифокори, профессор Жамшид Шамсиев бошчилигидаги юқори малакали мутахассислар туманнинг олис қишлоқларидан марказий поликлиникага таклиф этилган болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Бунда асосий эътибор хирургик касалликлар ва туғма нуқсонли болаларни аниқлашга қаратилди. Тажрибали уролог, болалар жарроҳи, педиатр, реаниматолог ва бошқа мутахассислар 60 нафардан ортиқ болаларни кўрикдан ўтказди. Кўрик пайтида турли хирургик касалликлари бўлган 23 нафар бемор болалар аниқланиб, уларни клиникада соғломлаштириш тавсия этилди.
Ғ. ҲАСАНОВ,
ЎзА