ШҲТнинг Бишкек саммити: Ўзбекистон қандай ечимларни таклиф этмоқда?
Куни кеча Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилиши бўлиб ўтди. ЎзА саммит доирасида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Бахтиёр Мустафоевнинг фикрлари билан қизиқди.
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этган Бишкек саммити якунлари хорижий ОАВ ва экспертлар ҳамжамиятида кенг муҳокама қилинмоқда. ШҲТ Ўзбекистон ташқи сиёсатида қандай ўрин тутади ва нима учун Тошкент бу майдонга алоҳида эътибор қаратади?
– Ўзбекистон учун ШҲТ вазиятга қараб фойдаланиладиган дипломатик формат эмас, балки ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларидан биридир. 2001 йилда Ўзбекистон Ташкилотнинг таъсисчи давлатлари қаторига кирган. Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг Ижроия қўмитаси айнан мамлакатимиз ҳудудида жойлашган, Марказий Осиё эса ШҲТнинг географик ва стратегик асоси сифатида расман тан олинган.
Ушбу платформа орқали Тошкент бир вақтнинг ўзида ўзаро боғлиқ учта вазифани ҳал қилмоқда. Булар – минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, қитъанинг иқтисодий боғлиқлигини кенгайтириш ҳамда очиқ, блокларга қўшилмаслик ва кўп векторли сиёсат юритиш.
Ўзбекистоннинг бу борадаги содиқлиги нафақат сиёсий баёнотларда, балки амалий ташаббусларни изчил илгари суришда ҳам намоён бўлмоқда. 2018 йилда давлатимиз раҳбарининг таклифи билан ШҲТ етакчиларининг ёшларга Қўшма мурожаати қабул қилинди, 2022 йилда Самарқандда Ўзбекистон транспорт ўзаро боғлиқлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва Афғонистонни тиклаш масалаларини кўтарди, 2023 йилда эса Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини таклиф қилди. 2024–2025 йилларда мамлакатимиз ШҲТ бирлигини мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларни илгари суриб, Ягона транспорт макони концепциясини тақдим этди.
Бу йилги таклифлар бу йўналишларнинг давоми бўлиб, Тошкент “Шанхай руҳи”нинг умумий тамойилларини ҳамкорликнинг амалий механизмларига изчил ўтказмоқда.
– Сиз Ўзбекистон сиёсий баёнотлар билан чекланиб қолмай, ШҲТ доирасида мунтазам равишда амалий ташаббусларни илгари сураётганини таъкидладингиз. Бишкек саммити ҳам бундан мустасно бўлмади. Президент “ШҲТ–2040” концептуал қарашни ишлаб чиқишни таклиф қилди. Ташкилотнинг 2035 йилгача мўлжалланган Ривожланиш стратегияси мавжуд экан, бундай узоқ муддатли ҳужжат нима учун керак?
– 2035 йилгача мўлжалланган Стратегия, энг аввало, Ташкилот ўрта муддатли истиқболда нима қилиши керак, деган саволга жавоб беради. “ШҲТ–2040: умумий тараққиёт макони” концепцияси эса янада фундаментал саволга жавоб беришга, яъни ушбу стратегия амалга оширилгач, ШҲТ қандай бўлиши кераклигини белгилаб беришга қаратилган. Бу ерда гап тармоқ дастурлар мажмуидан инвестициялар, технологиялар ва билимлар ҳаракати, қўшма ишлаб чиқаришлар ҳамда ҳудудлар ва бизнеснинг тўғридан-тўғри алоқалари мавжуд бўлган ўзаро боғлиқ маконнинг умумий моделига ўтиш ҳақида кетмоқда.
ШҲТ мамлакатлари ҳиссасига жаҳон аҳолисининг қарийб 42 фоизи ва харид қобилияти паритети бўйича жаҳон ялпи ички маҳсулотининг тахминан 36 фоизи тўғри келади, бироқ уларнинг ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, турли ҳисоб-китобларга кўра, атиги 1 трлн долларга яқинлашган. Бу кўрсаткичларни таққослар эканмиз, асосий тафовутни кўришимиз мумкин. Яъни ШҲТнинг сиёсий-демографик салмоғи ҳозирча ички иқтисодий ҳамкорлик кўламидан сезиларли даражада каттароқ.
– Ўзбекистон Президенти томонидан Бишкек саммитида илгари сурилган энг муҳим амалий ташаббуслардан бири ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини яратиш бўлди. Ушбу механизм Ташкилотнинг улкан географик ва иқтисодий кўламини қандай қилиб реал трансчегаравий ишлаб чиқариш занжирларига айлантириши мумкин?
– Бугунги кундаги асосий муаммо қўшма лойиҳаларнинг камлигида эмас, балки маълумотларнинг тарқоқлиги ва тартибга солиш шарт-шароитларидаги фарқлардадир. Биргина Ўзбекистоннинг ўзида ШҲТ мамлакатлари билан 1,5 мингдан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунга қарамай, бизнес учун ўнта давлатнинг барчасидаги мавжуд саноат майдонлари, хомашё базаси, қўллаб-қувватлаш чоралари, логистика имкониятлари ва сотув бозорлари тўғрисидаги тизимлаштирилган маълумотларни бир жойдан олиш ҳануз айрим қийинчиликларни туғдиради. Шу нуқтаи назардан, ШҲТ Саноат кооперацияси харитаси ҳамкорларни топишни осонлаштириш ҳамда қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва келишишдаги транзакция харажатларини камайтириш имконини берадиган ягона рақамли воситага айланиши мумкин.
Амалий самара платформанинг мазмунига боғлиқ бўлади. Агар у махсус иқтисодий зоналар, фойдаланилмаётган қувватлар, маҳаллийлаштириш талаблари, транспорт тарифлари ва инвестициявий имтиёзларнинг тасдиқланган реестрини ўз ичига олса, бизнес хомашё ва тайёр маҳсулотлар савдоси билангина чекланиб қолмай, трансчегаравий қўшилган қиймат занжирларини ярата олади. Бу, айниқса, ўнта юрисдикцияни мустақил ўрганиш учун йирик корпорациялар каби ресурсларга эга бўлмаган кичик ва ўрта бизнес учун муҳимдир.
– Бишкек саммитининг иқтисодий мавзусини давом эттирадиган бўлсак, давлатимиз раҳбари умумий тамойилларни муҳокама қилишдан ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга туширишга ўтишга чақирди. Ташкилотга ўзининг молиявий институти нимага керак ва унинг яна бир бюрократик тузилмага айланиб қолишининг олдини олиш учун нималар қилиш лозим?
– ШҲТда транспорт, энергетика ва рақамли соҳаларга оид ғоялар кўп, бироқ уларни молиялаштириладиган лойиҳаларнинг тайёр портфелига айлантирадиган ўз механизми йўқ. Банклараро бирлашма банклар фаолиятини мувофиқлаштиради, лекин ягона экспертиза, биргаликда молиялаштириш ва назорат мезонларига эга бўлган тараққиёт институтининг ўрнини боса олмайди. Банк, биринчи навбатда, фойда ва хатарлари бир нечта давлат ўртасида тақсимланадиган кўп томонлама лойиҳалар учун айнан шу институционал бўшлиқни тўлдириши мумкин.
Ўзбекистон таклифининг принципиал жиҳати шундаки, банкнинг ишга туширилиши аппарат яратиш билан эмас, балки транспорт, энергетика, саноат ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги лойиҳалар портфелини шакллантириш билан боғланади. Бунда аввал лойиҳалар, уларнинг қиймати, кутилаётган самара ва маблағларни қайтариш манбалари, шундан кейингина банкнинг капитали ва тузилмаси белгиланади. Ишончлиликни таъминлаш учун шаффоф харид сиёсати, мустақил экспертиза, қарзга оид барқарорликни баҳолаш ва турли валюталарда молиялаштириш имконияти зарур.
– Ўзбекистон Президентининг Бишкекдаги нутқининг алоҳида қисми сунъий интеллектга бағишланди. Нега Тошкент ягона тил моделини эмас, балки ШҲТнинг очиқ кўп тилли маълумотлар корпусини яратишни таклиф қилди ва у Ташкилотга аъзо давлатлар учун қандай амалий аҳамиятга эга бўлиши мумкин?
– Замонавий сунъий интеллект нафақат ҳисоблаш қувватларига, балки сифатли маълумотларга ҳам боғлиқ. ШҲТ маконидаги аксарият тиллар глобал рақамли маълумотлар тўпламларида инглиз ва хитой тилларига қараганда анча камроқ ҳажмда акс этган. Натижада тизимлар маҳаллий ҳуқуқий, илмий ва маданий лексикани ёмонроқ тушунади, давлатлар ва компаниялар эса бошқа тилдаги материаллар асосида ўргатилган маҳсулотлардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.
Очиқ корпус умумий базавий инфратузилмага айланиши мумкин. Аъзо давлатлар тилларидаги стандартлаштирилган матнлар, нутқ ва таржималар машина таржимаси, таълим, тиббиёт, давлат хизматлари ва электрон тижорат сервисларини яратиш имконини беради. Бу ШҲТнинг ягона моделини яратишдан кўра реалроқ биринчи қадамдир – ҳар бир мамлакат ҳуқуқий талабларга риоя этган ҳолда шакллантирилган ўзаро мос маълумотлар тўплами асосида ўз ечимларини ишлаб чиқиши мумкин бўлади.
Бунда асосий шартлар шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқларига риоя этиш, сифатни текшириш ва тилларнинг тенг ҳуқуқли намоён бўлишини таъминлаш бўлади.
– Бишкек саммитида транспорт ўзаро боғлиқлигига катта эътибор қаратилди. Ўзбекистон Президенти ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл маконлари интеграцияси бўйича кенгаш тузишни таклиф этди. Ушбу Кенгаш қандай амалий муаммоларни ҳал қилиши керак ва унинг ташкил этилиши Ўзбекистон ва умуман Евроосиё транзити учун қандай фойда келтиради?
– Узлуксиз йўлакни яратиш учун янги темир йўлларининг ўзи кифоя эмас. Чегараларда техник стандартлар, тарифлар, электрон ҳужжатлар форматлари, ҳаракат жадваллари ва назорат тартиб-таомилларидаги фарқлар сақланиб қолмоқда. Кенгаш айнан мана шу “туташув нуқталари”ни доимий мувофиқлаштириб турадиган механизм сифатида керак. Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун бир нечта давлат орқали ўтадиган транзитнинг олдиндан башорат қилиниши йўналиш узунлиги каби муҳим аҳамиятга эга.
Унинг амалий кун тартиби ўзаро боғловчи тарифлар ва жадваллар, электрон юк хатларини ўзаро тан олиш, чегара ўтказиш пунктлари фаолиятини тизимли йўлга қўйил, юкларни рақамли кузатиб бориш ҳамда инвестицияларни мувофиқлаштириш каби масалаларни қамраб олиши мумкин. Бу Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўлини Каспий орқали ўтувчи йўналишлар, “Шимол–Жануб” йўлаги ва Жанубий Осиёга олиб борувчи истиқболли йўналишлар билан боғлаш имконини беради.
– Бишкек саммити кун тартибидан Афғонистондаги вазият ҳам муҳим ўрин олди. Ўзбекистон Президенти ШҲТни ушбу мамлакат билан мунтазам мулоқотни қайта тиклашга чақирди. Бундай мулоқот нега айнан ҳозир зарур ва унинг тикланиши тузилма жараёнларида қандай роль ўйнаши мумкин?
– Таклиф прагматик хусусиятга эга: мулоқотнинг йўқлиги таҳдидларни бартараф этмай, аксинча, қўшниларнинг уларни бошқариш қобилиятини пасайтиради. Афғонистон ШҲТ макони билан бевосита туташган, мамлакатдаги вазият эса терроризм, наркотрафик, ноқонуний қурол савдоси, миграция ва сув масалалари билан боғлиқ хатарларга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Мамлакатнинг яккаланиб қолиши иқтисодий инқирозни янада чуқурлаштириши, радикаллашувнинг ижтимоий базасини кенгайтириши ва яширин иқтисодиётни мустаҳкамлаши мумкин. Шу билан бирга, мунтазам алоқалар ҳозирги ҳукуматни автоматик тарзда тан олишни англатмайди: бу шартларни белгилаш, уларнинг бажарилишини текшириш ва аниқ хавфсизлик масалаларини ҳал қилиш учун воситадир.
Узоқ муддатли истиқболда Афғонистон атрофида хавфсизликни мустаҳкамлашнинг энг яхши йўли мамлакатнинг ўзида қонуний даромад манбалари, иш ўринлари ва қўшнилар билан барқарор иқтисодий ўзаро боғлиқликни яратишдир.
2025 йилга келиб Афғонистоннинг ташқи савдоси 13,9 миллиард долларга яқинлашди. Покистон йўналишидаги узилишлар туфайли юк оқимларининг бир қисми Эрон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон орқали ўтадиган йўналишларга қайта йўналтирилди. Агар бу алоқалар қонуний савдо, энергетика, транспорт ва инфратузилмага йўналтирилса, иқтисодий боғлиқлик экстремизм ва контрабанда учун имкониятларни камайтиради.
– Бишкек саммити ташаббуслари хусусида сўз юритар эканмиз, Ўзбекистон Президентининг 2028–2030 йилларда анъанавий санъат ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш дастури тўғрисидаги таклифини қайд этмасликнинг иложи йўқ. Нима учун ШҲТга бу соҳада алоҳида дастур керак ва у қандай амалий натижа бериши мумкин?
– ШҲТ турли сиёсий тизимлар ва манфаатларга эга давлатларни бирлаштиргани боис унинг барқарорлиги фақат ҳукуматлараро ҳужжатларга таяниб қолмаслиги керак. Анъанавий санъат, ҳунармандчилик, мусиқа, оғзаки ижод ва байрамлар жамиятлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни вужудга келтиради ҳамда ўзликни йўқотмаган ҳолда барча тан оладиган умумий маданий маконни шакллантиради.
Амалда дастур қўшма реестрлар ва рақамли архивлар, реставрация ва тадқиқот лойиҳалари, фестиваллар, ҳунармандлар алмашинуви дастурлари, ёшлар таълими ва сайёҳлик йўналишларини назарда тутиши мумкин. Ўзбекистон учун бу бир вақтнинг ўзида ҳам маданий дипломатия, ҳам ҳудудлар иқтисодиётидир: анъанавий ҳунармандчилик бандликни, кичик бизнесни ва маданий туризмни қўллаб-қувватлайди.
– Саммит доирасида Ўзбекистон Президенти адолатли кўп қутбли дунё тартибини шакллантиришда БМТнинг ўрнига бағишланган “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда ҳам иштирок этди. Ўзбекистон таклиф қилган БМТ, минтақавий ташкилотлар ва алоҳида давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик модели янги ажратувчи чизиқлар пайдо бўлишига йўл қўймасдан халқаро ҳамкорлик самарадорлигини қандай ошириши мумкин ва бу жараёнда “ШҲТ плюс” формати қандай амалий роль ўйнай олади?
– Давлатимиз раҳбари нутқининг асосий мазмуни шундан иборатки, кўп қутбли дунёнинг шаклланиши универсал халқаро институтларнинг заифлашишига ёки рақобатчи геосиёсий блокларнинг пайдо бўлишига олиб келмаслиги керак. БМТ марказий мувофиқлаштирувчи мақомини сақлаб қолиши ва халқаро ҳамкорликнинг умумий тамойилларини таъминлаши лозим. Минтақавий ташкилотлар эса глобал ечимларни муайян ҳудудларнинг ўзига хос шароитлари, имкониятлари ва эҳтиёжларига мослаштириш орқали унинг фаолиятини тўлдиришга хизмат қилади.
Айнан шу мантиққа кўра, “ШҲТ плюс” форматини давлатлар, минтақавий бирлашмалар ва глобал институтлар ўртасидаги боғловчи бўғин сифатида ривожлантириш таклиф этилмоқда. У барқарор ривожланиш, юқори технологиялар, иқлим ўзгаришларига мослашиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги турли ташаббусларни мувофиқлаштириш учун майдонга айланиши мумкин. Ўзбекистон Президенти таклиф этган Минтақавий ташкилотлар ҳамкорлик тармоғи бундай ҳамкорликни тизимлаштиришга, тажриба алмашишга ва БМТ доирасида ечимларни биргаликда илгари суришга имкон беради. Ўз навбатида, Минтақалараро лойиҳалар ва технологияларнинг очиқ банки сиёсий келишувларни Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашадиган аниқ дастурларга айлантириши керак.
Шу билан бирга, Ўзбекистон халқаро ҳамкорлик самарадорлигини давлатлар, бизнес ва фуқаролар сезиши лозим бўлган натижалар билан боғлайди: булар бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтириш, трансчегаравий йўлакларни ишга тушириш, инвестицияларни жалб қилиш ва замонавий технологияларни жорий этишдир. “ШҲТ Инвест”ни доимий фаолият юритувчи платформага айлантириш таклифи айни шу вазифага мос келади.
Бундан ташқари, Хивада “ШҲТ плюс” Маданиятлар ва цивилизациялар форумининг таъсис этилиши ҳамкорликни ижтимоий ва гуманитар мазмун билан бойитишга қаратилган. Шу тариқа, Тошкент очиқ кўп қутблилик моделини таклиф этмоқда. Унга кўра, давлатларнинг стратегик мустақиллиги ажралиб олиш орқали эмас, балки ўзаро боғлиқлик, ташаббусларнинг бир-бирини тўлдириши ҳамда мамлакатлар ва минтақалар ўртасидаги алоқа нуқталарини кенгайтириш орқали мустаҳкамланади.
ЎзА