ШҲТни НАТО билан солиштириш тўғри эмас
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти кимлар биландир дўстлашиб, бошқаларга қаршилик кўрсатиш учун эмас, балки давлатлар билан ҳамкорлик қилиш ва уни ривожлантириш мақсадида тузилган. Шунинг учун уни НАТО билан солиштириш нотўғри, деди Россиянинг ШҲТ Котибиятидаги доимий вакили Наталья Степкина.
“ШҲТни НАТО билан биринчи марта солиштирилмаяпти ва биз бу масалада ғарблик ҳамкорларга эргашмаслигимиз керак. Бундай чиқишлардан мақсад НАТОнинг урушқоқ характерини юмшатиш учун қилинмоқда”.
Унинг таъкидлашича, НАТО “ҳар қандай ҳолатда ҳам ечимни куч билан ҳал этадиган, таъсир зоналарини тақсимлашга асосланган ҳарбий блокдир”.
“Биз мамлакатларнинг миллий манфаатлари геосиёсий вазиятнинг қурбони бўлаётганини жуда яхши кўриб турибмиз”, деди Степкина.
“ШҲТга келадиган бўлсак, бу ташкилотнинг моҳияти бутунлай бошқача ва унинг низомида ҳарбий блок эмаслиги, унинг фаолияти учинчи давлатлар ва ташкилотларга қарши қаратилмаганлиги аниқ белигилаб қўйилган”.
Дипломатнинг қўшимча қилишича, “ШҲТ консенсус тамойиллари, ўзаро ҳурмат, турли маданиятлар эътирофи, ижтимоий-маданий анъаналар асосида фаолият олиб боради”.