ШҲТ ташқи ишлар вазирлари Чўлпонотада тўпланди
Бугун Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Таъкидланишича, йиғинда бўлажак ШҲТ саммитига тайёргарлик кўриш доирасида Ташкилот фаолиятининг устувор йўналишлари, кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, иқтисодий ва транспорт-логистика алоқаларини кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга оид долзарб масалалар муҳокама қилиниб, якунда қатор ҳужжатлар имзоланган.

Шунингдек, расмийлар анжуман доирасида делегациялар раҳбарлари билан биргаликда рамзий маънога эга бўлган картинани яратиш маросимида ҳам иштирок этишди.

– Ушбу ташаббус ШҲТ маконида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик руҳини янада мустаҳкамлашга бўлган умумий интилишимизнинг ифодаси бўлди, -деб ёзди мамлакатимиз ташқи сиёсати идораси раҳбари Б.Саидов ўз телеграм каналида.
Ў.Алимов, ЎзА